Ўзбекистон Туркияга зилзила сабабли уйсиз қолган оилалар учун 100 та модулли контейнер тақдим этади
Туркиянинг Хатай вилоятида кетма-кет вайронкор зилзилалар натижасида уйсиз қолган оилаларнинг вақтинчалик яшаши учун юзта модулли контейнер ўрнатиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон вилоятга юзта модулли контейнер жўнатади. Битта контейнер битта оила учун мўлжалланган.
“Анадолу” хабарига кўра, майдони 21 м кв бўлган бундай модулли контейнерга ошхона, ҳожатхона ва ваннахона ўрнатилади. Контейнерлар иссиқлик изоляцияси билан жиҳозланган ва турли мавсумий омилларга чидамли. Битта яшаш контейнерини ўрнатиш ишлари билан 15 кишидан иборат бригада шуғулланади, ўрнатиш ишларини 15 кун ичида якунлаш режалаштирилган.
Модулли уйлар 2016 йилда Истанбулдаги ўзбек диаспораси томонидан ташкил этилган Seyhun таълим ва маданият уюшмаси кўмагида ўрнатилади.
“Овакент ҳудудига контейнер ўрнатишни режалаштирганмиз. Айни пайтда 80 дан ортиқ контейнер ўрнатиш учун қурилиш материаллари мавжуд. Контейнерларимизнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар болтлар билан маҳкамланади, яъни хоҳласа йиғилиб, кўчирилиши мумкин бўлган тарзда ишлаб чиқилган”, — дейди уюшма раҳбари Тоҳир Абдулла.
Шарҳлар