Ўзбекистон ҳудудларида аҳоли учун мўлжалланган кўмирни тарлон-тарож қилган омбор мудирлари ҳибсга олинди
Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги “Кўмир таъминот” кўмир омборлари раҳбарлари томонидан аҳоли ўртасида имтиёзли нархларда тарқатиш учун мўлжалланган 5 075,4 тонна кўмир талон-тарож қилинган, деб ёзади «Газета.уз» нашри Бош прокуратурага таяниб.
Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда айрим ҳудудларда аҳолига кўмир тақсимлаш тизими нотўғри йўлга қўйилгани, шу сабабли кўмирни ошириб юборилган нархларда ноқонуний сотиш, ўғирлик ҳолатларига йўл қўйилаётганини таъкидлаганди. Давлат раҳбари Бош прокуратурага ушбу ҳолатни назоратга олишни топширди.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, “Кўмир таъминот” МЧЖ нинг Андижон вилоят филиали тасарруфидаги Андижон туман кўмир омбор мудири Ш.Б. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 362,3 млн. сўмлик 1.220,0 тонна, шу каби, Булоқбоши туман кўмир омбор мудири С.Н. 178,3 млн. сўмлик 445,5 тонна ҳамда Жалақудуқ туман кўмир омбор мудири Й.Ю. 421,7 млн. сўмлик 1.419,9 тонна кўмирларни гўёки фуқаролар олганлиги тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаб, кўмирни нақд пулга сотишиб, шахсий манфаатлари йўлида талон-торож қилишган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан омбор мудирлари Ш.Б., С.Н., ва Й.Ю. га нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а ” банди ва бошқа моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ушбу шахслар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.
Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги кўмир омбори мудири 623,7 тонна, Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги кўмир омбори мудири эса 1364,3 тонна кўмирни талон-тарож қилишда гумон қилинмоқда.
Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги кўмир омбори мудири аҳолига 1364,3 тонна кўмир келиб тушганлиги ҳақида ёлғон маълумотни тайёрлаб, уни ўзи талон-тарож қилган.
Гумондорлар қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Шарҳлар