Ўзбекистон ҳудудларида яқин тўрт йил ичида 1164 та спорт майдончаси барпо этилади

Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга кўра, 2021–2022 йилларда юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланмоқда.

2021–2025 йилларда ҳудудларда бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турлари учун 1 164 та спорт майдончалари барпо этилади. Ишларни ташкиллаштиришга маҳаллий тадбиркорлик субъектлари давлат-хусусий шериклиги асосида жалб этилади. Бунда спорт майдончаларини фойдаланиш хусусиятини йўқотмаган ҳолда ва тегишли жойлашувига кўра маҳалла фуқаролар йиғини ёки уй-жой мулкдорлари ширкатларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.

Спортнинг устувор турлари бўйича спорт майдончаларини ташкил этиш ва жиҳозлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб кириладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган махсус спорт анжомлари ва жиҳозлари, инвентарь, қурилиш материаллари ва моддий-техника ресурслари 2024 йил 1 сентябрга қадар божхона божидан озод этилади.

Ҳужжатга мувофиқ, қуйидаги спорт мусобақалари ҳар йили ўтказилиши лозим:

– юриш ва югуриш бўйича – “Tashkent Marathon”, “Samarkand Half Marathon” ва “Zaamin Ultra” халқаро марафонлари, “Sky Camp Bostanliq” триатлон ва йога марафонлари, “Барча рекордлар бизники!”  (5 ва 10 минг қадамга), турли масофаларга югуриш бўйича “Янги рекордлар сари!”;

– мини-футбол бўйича – “Янги Ўзбекистон ёшларимиз”, “Соғлом оила – Янги Ўзбекистон таянчи” (оилавий жамоалар ўртасида) “Раҳбар кубоги” (давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида);

бадминтон бўйича – “Баҳор маликалари”, “Бадминтон лигаси” (умумий ўрта ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида), “Раҳбар кубоги” (давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ўртасида) ва “Имкониятингиздан кўпроғини бажаринг!” (аҳолининг кенг қатламлари ўртасида);

– стритбол ва “Workоut” бўйича – “Рекорддан – янги рекордга!” ва “Гиёҳванд моддаларга қарши!” (таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари ўртасида), “Муҳими ғалаба қозониш эмас, балки қатнашиш!” (маҳалла жамоалари ўртасида), “Қишлоғинг учун ғалаба қозон!” (қишлоқ жамоалари ўртасида), “Соғлом танда – соғлом фикр!” (давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ўртасида).

2022 йил 1 январдан бошлаб спортнинг устувор турлари бўйича ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралашнинг (селекция) 3 босқичли тизими жорий этилмоқда:

биринчи босқичда – спортчилар ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари (туман/шаҳар ҳокими кубоги);

иккинчи босқичда – туман (шаҳар) мусобақалари ғолиблари ўртасида вилоят мусобақалари (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари кубоги);

учинчи босқичда – вилоят мусобақалари ғолиблари ўртасида республика мусобақалари.

мазкур қарор билан белгиланган спорт мусобақаларини ўтказиш, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш билан боғлиқ ҳар йилги харажатлар Давлат бюджети параметрларида Туризм ва спорт вазирлиги учун кўзда тутиб бориладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Туризм ва спорт вазирлиги ҳар йили март ойи якунига қадар ҳудудлар кесимида спортнинг устувор турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш вақти, жойи ва манзиллари, тренерлар, ҳакамлар ва бошқа батафсил маълумотларни www.jtdss.uz платформасида жойлаштириб бориши ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этилишини таъминлаши лозим. Шунингдек вазирлик ҳар йил якуни билан спортнинг устувор турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган фуқароларнинг энг юқори натижалари ва рекорд ўрнатганлар тўғрисидаги таҳлилий маълумотларни платформада жойлаштириб бориш амалиётини йўлга қўйиши зарур.

2021 йилдан бошлабдастур ва унинг параметрлари тўлиқ амалга оширилгунга қадар ҳар йили давлат бюджетидан 104 миллиард сўм ажратилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.