Ўзбекистон ва Қатар 15 та ҳужжатни имзолади
Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг музокаралари бўлиб ўтди.
«Биз Қатарни нафақат Яқин Шарқ минтақасида, балки бутун араб-мусулмон оламида ўзимизнинг истиқболли ҳамкоримиз сифатида биламиз. Сиз билан сўнгги йиллардаги мулоқотларимиз боис муносабатларимизда катта силжиш кузатилмоқда», – дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.
Қатарнинг етакчи компаниялари энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди.
Истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йил сентябрь ойида Ўзбекистон-Қатар инвестиция форумини ўтказиш ҳамда қўшма лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини яратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Мамлакатлар пойтахтлари ўртасида йўлга қўйилиши режалаштирилаётган мунтазам авиақатновлар ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилиши таъкидланди.
Олий даражадаги музокаралар якунлангач, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган 15 та икки томонлама ҳужжатни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Жумладан, қуйидагилар қабул қилинди:
– Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва мулк солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Божхона ишларида ўзаро кўмак кўрсатиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро меморандум;
– Маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро меморандум;
– Савдо соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Спорт ва ёшлар ишлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Тошкент ва Доха шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум.
Шунингдек, ташқи ишлар ва адлия вазирликлари ўртасида 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурлари ҳамда Устувор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшма платформа яратиш тўғрисида келишув имзоланди.
Шарҳлар