Ўзбекистон ва БАА олий даражадаги саммитни ўтказади
Ўзбекистон президенти Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ишлари вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Томонлар юқори технологиялар, сунъий интеллект, рақамлаштириш, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари, ҳудудларнинг савдо-инвестициявий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бошқа масалаларни кўриб чиқди. Ўзбекистон раҳбари ушбу йўналишлар бўлажак олий даражадаги икки томонлама саммит кун тартибининг асосини ташкил этиши лозимлигини қайд этди.
«Бундан ташқари, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, бошқарувда профессионал кадрларни ва дастурчиларни тайёрлаш, электрон ҳукуматни жорий қилиш йўналишларида ва бошқа соҳаларда ўзаро фойдали ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди», – дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.
Учрашув сўнгида Шавкат Мирзиёев томонидан жорий дастурларни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни тайёрлашни назарда тутувчи “йўл харитаси”ни янгилаш юзасидан топшириқлар берилди.
Якунда вазир ал-Гаргавийга Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришга қўшган катта ҳиссаси ва Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун давлатимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени топширилди.
Шарҳлар