Ўзбекистон ва «Газпром» газ соҳасида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни имзолади

Источник: Газпром

«Газпром» компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллер ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар беради.

“Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг долзарб ва истиқболли масалаларини кўриб чиқдилар”, — дейилади хабарда.

Учрашувда Алексей Миллер ва Жўрабек Мирзамахмудов газ соҳасида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни имзолади.

Бундан бир ҳафта аввал “Газпром” Қозоғистон билан ҳам “йўл харитаси”ни имзолаган эди. Ҳужжат Россия газини Қозоғистонга етказиб бериш имкониятига доир.

Уч томонлама иттифоқ

Россия раҳбариятининг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан уч томонлама газ иттифоқини яратиш режалари ўтган йилнинг 28 ноябрида маълум бўлганди. Бу таклифни Россия президенти Владимир Путин қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жомарт Токаев билан учрашувда билдириб, бу борада Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилганини маълум қилганди. Путин ва Мирзиёев ўртасида 30 ноябрь куни телефон суҳбати бўлиб ўтган, бироқ президентлар матбуот хизматларининг маълумотига кўра, суҳбат давомида газ иттифоқи мавзуси кўтарилмаган.

Ўзбекистонга Россия ва Қозоғистон билан “уч томонлама газ иттифоқи” бўйича таклифлар ҳали келиб тушмаган. Бу ҳақда декабрь ойи бошида Бош вазирнинг ёқилғи-энергетика ва кимё саноатини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов маълум қилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.