Ўзбекистон ва Германия президентлари Украина бўйича вазиятни муҳокама қилди
14 март куни Ўзбекистон ва Германия президентлари телефон орқали мулоқот қилди.
Президентлар халқаро кун тартибининг долзарб масалалари, шу жумладан Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан фикр алмашдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар беради.
«Вазиятнинг янада кескин тус олишига йўл қўймаслик ва можарони тез фурсатда тартибга солиш учун сиёсий-дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди», – дейилади хабарда.
Етакчилар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги амалий ҳамкорлик ҳолати ва истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар, турли даражаларда мунтазам сиёсий мулоқот ва фаол алоқаларни давом эттириш муҳим эканини таъкидладилар.
«Германиянинг етакчи компания ва банклари билан савдо, инвестициялар, юқори технологиялар, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Молиявий-техник кўмакни ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни, энг аввало, Ўзбекистонда немис тилини чуқурлаштирилган ўқитиш соҳасида кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди», – дея хулоса қилади матбуот хизмати.
Шарҳлар