Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари нималар ҳақида келишиб олди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.
Томонлар «маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш учун давлатларимиз ҳудудидаги эркин иқтисодий зоналарда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга экани»ни таъкидлади. Шу маънода, транспорт коммуникациялари тизимидан, шу жумладан “Боку – Тбилиси – Қарс” темир йўлидан фойдаланган ҳолда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари келишиб олинди. Икки томонлама савдо ва товарлар транзити йўлидаги тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш учун транспорт вазирлари раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади.
Мутасадди вазирларга ипакчилик кластерини ташкил этиш, ғўзачиликдаги лойиҳаларни илгари суриш, инновацион ишланмаларни жорий қилиш бўйича “йўл харитаси”ни келишиб олиш топширилди.
Томонлар яқин фурсатда мамлакатларимиз пойтахтлари ва йирик шаҳарлари ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишига келишиб олдилар. Давлатимиз раҳбари жорий йилда Тошкент шаҳрида биринчи Ҳудудлар форуми ва уларнинг саноат салоҳиятига бағишланган кўргазмани ўтказиш таклифини илгари сурди.
Президентлар алоҳида дастур қабул қилиш ва қўшма туризм ярмаркасини ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватладилар.
Музокаралар чоғида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, Маданият ва кино кунларини ўтказиш, олий таълим даргоҳлари, илмий муассасалар, спорт ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш юзасидан қатор бошқа келишувларга ҳам эришилди.
Президентлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар.
Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 18 та ҳужжат имзоланди. Ҳудудлараро ҳамкорлик, саноат, халқаро автомобиль қатнови, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳаларидаги ҳамкорлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури шулар жумласидан.
Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишларида амалий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шарҳлар