Ўзбекистонда 1929-1931 йиллардаги қатағоннинг 240 нафар қурбони реабилитация қилинди
Ўзбекистон Олий суди СССР даврида қатағон қилинган 240 нафар шахсни реабилитация қилди. Хусусан, 1929-31 йилларда қўзғатилган жиноят ишлари қайта кўриб чиқилди, деб ёзади «Фергана» нашри Олий судга таянган ҳолда.
Мазкур реабилитация жараёни доирасида суд коллегияси томонидан ҳозирги Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилган Ўзбекистон ва Қозоғистон ССР фуқароларига доир бешта жиноят иши таҳлил қилинди.
Олий суд ушбу шахсларнинг барчасини Республика Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (“Реабилитация қилиш учун асослар”) асосида реабилитация қилди.
Аниқлик киритилишича, совет даврида 240 киши босмачилар ҳаракатида қатнашганлик, қуролли тўдалар тузиш ва қуролли қўзғолон ёки Совет ҳукуматига қарши аксилинқилобий фаолият кўрсатиш мақсадида ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган. Оқланганларнинг тўлиқ рўйхати бу ерда эълон қилинган.
Олий суд эълон қилган маълумотларга кўра, оқланганларнинг кўпчилиги Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 78-моддаси бўйича судланган ва 5 йилдан ўн йилгача концлагерда ёки РСФСР Жиноят кодексининг 59-моддаси бўйича 3 йилдан 8 йилгача лагерларда жазо муддатини ўтаган.
Биринчи модданинг мазмунини топиб бўлмади, лекин 1926 йилда ўзгартирилган Россия кодексига кўра, 59-модда «ҳукумат тартибига қарши ўта хавфли жиноятлар» бўлимига тааллуқли бўлган. Таъкидланишича, «СССР ва иттифоқ республикаларининг давлат бошқаруви асосларини ва иқтисодий қудратига путур етказувчи» ҳаракатлар шундай деб тан олинган.
Ўзбекистонда Қатағон қурбонларини хотирлаш куни ҳар йили нишонланади, у 31 августга тўғри келади.
Бу йил ҳам шунга ўхшаш жараёнлар ўтказилди. Апрель ойида Олий суд 1930 йилларда репрессияга учраган 208 кишини реабилитация қилганди. Оқланганлар орасида асосан Фарғона, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида истиқомат қилган фуқаролар бор.
Шарҳлар