Ўзбекистонда 2000 МВт соат қувватли электр энергиясини сақлаш тизимлари барпо этилади
Боку шаҳрида ўтказилган учрашувда Энергетика вазирлиги ва Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси ўртасида электр энергиясини сақлаш тизимларини қуриш бўйича шартнома имзоланди. Мазкур лойиҳа республика бўйлаб умумий қуввати 2000 МВт соат бўлган сақлаш тизимларини яратишни назарда тутади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Республикада ягона бўлган энергетика тизимини мустаҳкамлашга қаратилган мазкур лойиҳа турли ҳудудларда ўрганиш ишлари ўтказилгач уларнинг натижалари асосида электр энергиясини сақлаш тизимлари босқичма-босқич жорий этилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 1,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Шунингдек, қурилиш жараёнида 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, мазкур келишувга БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP-29) доирасида эришилди.
Шарҳлар