Ўзбекистонда 250 миллиондан ортиқ дарахт рақамлаштирилди
Ҳозирда республикадаги барча дарахтлар рақамлаштирилиб, хатловдан ўтказилмоқда. Тошкент шаҳрида эса синов тариқасида дарахтлар паспортлаштирилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 23-ноябрдаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, ”Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 199-сон Фармонга кўра амалга оширилмоқда, деб ёзяпти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
«Маълумот учун, дарахтларни паспортлаштириш 3 босқичда амалга оширилади. 1-босқичда аэрокосмик тасвирлар ва дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда мавжуд дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилади. 2-босқичда хатлов натижасига кўра аниқланган дарахтларнинг тури, ёши, бўйи, ҳолати ва жойлашув координатасини акс эттирувчи маълумотлар базаси шакллантирилади. 3-босқичда маълумотлар базаси асосида “Яшил макон” электрон платформасида ҳар бир дарахтга паспорт шакллантирилади ва ID рақам берилади», – дейилган хабарда.
1-босқич доирасида барча вилоятлардаги яшил қоплам майдони аниқланди. Бунда ҳудудлардаги барча дарахтлар ва буталарнинг майдонига, сунъий йўлдошлар орқали олинган фотосуратлардан фойдаланиб, геоахборот тизими орқали ишлов берилди. Бундан ташқари, вазирлик ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти билан бирга сунъий йўлдошдан олинган космик суратлар, масофадан зондлаш, геоахборот тизимлари ҳамда сунъий интеллект технологиялари ёрдамида юртимиздаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилиб, жойлашув координаталари, сони аниқланди ҳамда рақамли харитаси яратилди. Бунда АҚШ, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Россия, Германия ва Япония каби давлатларнинг тажрибалари ўрганилган.
«Дарахтларнинг саноғини амалга оширишда 5 ёшдан юқори бўлган дарахтлар ҳисобга олинди. Мазкур тадқиқот ишлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча вилоятлар ва туманлар кесимида амалга оширилди. Жами 254 миллион 162 минг 505 дона дарахтнинг координаталари аниқланиб, рақамли харитаси яратилди», – дейилади хабарда.
Шу билан бирга, 2-3-босқичларда хатлов ишлари инспекторлар томонидан жойига чиққан ҳолда амалга оширилмоқда. Бунда “Яшил макон” электрон платформаси такомиллаштирилиб, дарахтлар хатлови бўйича дарахатлар реестри тизими жорий этилди. Ушбу тизим орқали махсус планшетлар ёрдамида дарахтларнинг тури, диаметри, ҳолати, координатаси, фотоси, ва масъул ташкилот тўғрисидаги маълумотлар киритилиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда республика бўйича жами 200 мингдан ортиқ дарахтлар хатловдан ўтказилиб, маълумотлар электрон платформага киритилган.
Шарҳлар