Ўзбекистонда 41 583 та оилавий ажримлар қайд этилган
Жорий йилнинг 10 ойи давомида 41 583 та оилавий ажримлар қайд этилган. Жойларда ажримларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллаларда “Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш тартиби” жорий этилди. 9 442 та маҳаллаларда фаоллар, “Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари, жамоатчилик вакиллари хамкорликда низоли оилалар билан якка тартибда ишлаш орқали 24 193 нафар ажрим ёқасига келиб қолган оилалардан 20 265 нафари яраштирилди. Бу ҳақда АОКАда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
«Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” 2019 йил 2 сентябрдаги ги 561-сон Қонуни ҳамда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2023 йил 11 апрелдаги 829-сон қонуни билан қатъий белгилаб қўйилган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 829-сон Қонунда 5 та кодекс, 10 та тегишли қонунларга қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб, қонунчилик такомиллаштирди«, – дейилади хабарда.
Ушбу Қонун билан хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар ҳолатларининг олдини олишнинг кучли тизими яратилди ҳамда бундай турдаги ҳаракатлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди, шунингдек, оиладаги зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.
Халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон оиладаги зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритган Шарқий Европа ва Марказий Осиёда Грузия, Қирғизистон, Молдова ва Украинадан кейин 5-давлатга айланганлиги эътироф этилди.
Шу билан бирга миллий қонунчилигимизга киритилган энг муҳим ўзгартиришлардан бири Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга берилган даъволар юзасидан давлат божи тўлашдан озод қилинди.
Биргина мисол, бугунги кунда Қўмита вакиллари томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида шу кунга қадар 150 дан ортиқ ўтказилган суд жараёнларида бевосита иштирок этилди.
Бунинг натижасида 20 дан зиёд хотин-қизлар кафиллик асосида муддатидан олдин жазодан озод этилган.
«Шу билан бирга Оила ва хотин-қизлар қўмитасига давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколати берилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди».
Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш жараёнларига фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим муассасаларини жалб қилишни ҳамда уларнинг фаол иштирокини талаб қилади. Зеро, мувофиқлаштирилган, аниқ мақсадга қаратилган кенг қамровли ва тизимли ҳаракатларгина зўравонлик муаммосини бартараф этиши мумкин.
Тан олиш керак, бугун мамлакатимизда ушбу муаммони бартараф этишга бағишланган меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар асосида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Лекин биз инсонларнинг бу иллатга қарши дунёқарашини, онгини ўзгартирмас эканмиз, бу ҳолатлар давом этаверади.
«Зўравонликни, айниқса оилавий зўравонликнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларни тизимли, манзилли, кундалик равишда ҳар бир маҳалла, корхона, жамоа ва оилада амалга ошириладиган виждоний вазифамизга айлантириш фаолиятимизнинг асоси ҳисобланади. Шундагина биз жамиятимизда бу иллатни бартараф эта оламиз», – дейилади хабарда.
Шарҳлар