Ўзбекистонда 5 миллион янги иш ўрни яратиш режалаштириляпти

Пресс-служба Шавката Мирзиеева

Президент Шавкат Мирзиёев 8 январь куни аҳоли бандлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беряпти.

Расмий статистикага кўра, мамлакатда ишсизлар сони 1 миллион 300 минг нафарни ташкил қилади. Бу йил яна 2 миллион 400 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади. Шуларни инобатга олиб, сифатли ва юқори даромадли иш ўринлари ҳисобига жорий йилда 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Жумладан, хизматлар соҳасида 2,5 миллион, қишлоқ хўжалигида 2,1 миллион, инвестиция лойиҳалари ва саноатда 250 минг, қурилишда 140 минг иш жойи яратиш имконияти бор.

“Бундан ташқари, замонавий молиявий инструментлар, жумладан, микромолиялашнинг янги тизимини кенг жорий қилиш орқали 2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Тақдимотда мутасаддилар 2024 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури бўйича ахборот берди. Давлат раҳбари бу дастурни маъқуллаб, уни амалга ошириш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берди”, – дейилади хабарда.

Сўнгги йилларда 2 миллион 400 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилгани таъкидланиб, энди уларнинг фаолиятини кенгайтириш, босқичма-босқич кичик бизнесга ўтказиш ва бозор топишига кўмаклашиш муҳимлиги айтилди. “Менинг бизнесим” платформаси, “Бизнесга биринчи қадам” банк карталари жорий этилиши бунинг учун қулайлик яратади.

Иқтисодий айланмага киритилмаган ерларни инфратузилмага улаш, лойиҳаларни ишга тушириш учун ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди. “Агрегатор” тизими асосида “100 минг экспортчи деҳқон” дастури жорий қилиниб, бу йил 15 минг гектар ер майдонлари аукционга чиқарилиши белгиланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.