Ўзбекистонда ҳар бир тадбиркорга солиқ органларининг ходими бириктирилади
Ўзбекистонда ҳар бир тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилиш учун алоҳида солиқ ходими масъул бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Хусусан:
- йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган микро бизнес вакиллари билан маҳалладаги солиқ ходимлари;
- йиллик айланмаси 10 млрд сўмгача бўлган кичик тадбиркорлар билан туман солиқ раҳбари ва унинг ўринбосарлари;
- йиллик айланмаси 100 млрд сўмгача бўлган ўрта бизнес корхоналари билан вилоят солиқ раҳбари ва унинг ўринбосарлари;
- йиллик айланмаси 100 млрд сўмдан юқори бўлган йирик корхоналар билан эса Солиқ қўмитаси ўринбосарлари шахсан ишлаб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб боради.
1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобот топширмайди. Бу ишлар билан маҳаллага бириктирилган солиқчилар шуғулланади.
2024 йил 1 январдан эса кичик бизнес субъектлари ва фермерларнинг ҳисоботини солиқ идоралари электрон шаклда юритадиган тизим бўлади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитасига солиқ идораларини коррупциядан холи тузилмага айлантириш, ходимларининг маънавий-ахлоқий қиёфасини яхшилаш бўйича тизим яратиш топширилди.
Шарҳлар