Евроиттифоқ Исроилга қилинган ҳужумдан кейин Эронга янги санкциялар киритишини эълон қилди

Foto: Reuters

Евроиттифоқ мамлакатлари етакчилари Брюсселдаги саммит якунлангач, Исроилга қилинган ҳужум муносабати билан Эронга нисбатан санкциялар кенгайтирилишини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. ЕИ баёнотига кўра, чекловларнинг аксарияти дрон ва ракеталар ишлаб чиқаришга тегишли бўлади.

“Европа иттифоқи аввалгидек, минтақада низо кучайиб кетишига йўл қўймаслик ва хавфсизликга кўмаклашишнинг тўлиқ тарафдори”, — дейилади ЕИ етакчиларининг қўшма баёнотида.

Eрон ракета дастури ва дронлар бўйича дастурига қарши санкцияларни кенгайтиришга Европарламент раҳбари Роберта Метсола Европа етакчилари қаршисида нутқ сўзлаётиб, даъват этди. Бундан ташқари, у Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК)ни Европанинг террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритишни ёқлаб гапирди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг сўзларига кўра, ИИПК бу рўйхатга киритилиши учун суд ушбу ташкилот теракт содир этди, деб топиши керак, аммо “ҳозирча бундай эмас”.

14 апрелга ўтар кечаси Эрон юзлаб дронлар ва ракеталар ёрдамида Исроил ҳудудига ҳужум қилди, улар АҚШ ва Буюк Британия кўмагида уриб туширилди. Зарба 1 апрель куни Исроил томонидан Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига қилинган ҳужумга жавобан берилди. Шундан кейин Исроил армияси Бош штаби бошлиғи Герци Халеви Исроил Эронга жавоб зарбаси беришини айтди.

Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Эрон томонидан 14 апрелга ўтар кечаси қилинган ҳужумга қандай жавоб қайтариши ҳақида қарор қабул қилиб бўлган, аммо бу жавоб бериладиган вақт ҳозирча аниқ эмас.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.