Ўзбекистонда “чанг, лой ва ёмғир сабабли” электр энергиясида узилишлар бўлишидан хавфсирашмоқда
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати 19 октябрь куни электр энергиясини етказиб беришда узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди, деб ёзади “Фергана” нашри.
«Электр узатиш линияларида ўтириб қолган атмосфера ҳавосининг майда чанг зарралари билан ифлосланиши ҳамда “Ўзгидрометмарказ” маълумотларига кўра, яқин кунларда ойлик ёғинлар ҳажмининг 70-90%ни ташкил қилиши мумкин бўлган ёмғирлар муносабати билан электр энергияси узатилишида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.
Бу электр узатиш линияларига ўтириб қолган чанг ва лой, шунингдек, ёмғир кўринишидаги юқори даражадаги ёғингарчиликлар электр энергиясини узатишда носозликларга олиб келадиган маҳаллий шикастланишларни келтириб чиқариши билан боғлиқ.
Хусусан, Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг айрим туманларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.
Шу муносабат билан ҳозир фавқулодда бригадалар тузилган. Бундай ҳолатлар ҳақида ҳудудий электр таъминоти корхоналарига хабар беришингизни сўраймиз”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳам вақтинчалик ноқулайликлар учун мамлакат фуқароларидан узр сўради.
Шарҳлар