Ўзбекистонда деярли нолга тенг энергия сарфлайдиган биринчи уй қурилди

Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳрининг “Ёшлик” маҳалласида деярли нолга тенг энергия сарфлайдиган биринчи кўргазмали уй қуриб битказилди. Уй БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлиги билан биргаликда Глобал экологик жамғарма (ГЭФ)нинг молиявий кўмаги билан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ уй-жой қурилишини ривожлантириш” қўшма лойиҳаси доирасида қурилган.
Энергия сарфи деярли нол бўлган уй ташқи деворлар, поллар ва томларнинг максимал иссиқлик изолациясига ҳисса қўшадиган мавжуд замонавий технологиялар ва қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда қурилган. Бу анъанавий уйларга нисбатан энергия сарфини сезиларли даражада камайтирадиган иссиқликни юқори ҳимоясини таъминлайди. Уйнинг жойлашуви қишда қуёш нуридан иссиқликни максимал даражада олиш ва ёзда иссиқликни минималлаштириш нуқтаи назаридан келиб чиқиб лойиҳалаштирилган.


Уйнинг том қисмида қуёш панеллар мавжуд бўлиб, улар уйнинг барча еҳтиёжларини қондириш учун етарли энергия ишлаб чиқаради. Қуёш панеллари орқали олиниб, сарфланмай турган ортиқча энергия манбааси маҳаллий электр тармоғига сотилади.
Деярли нолга тенг энергия сарфлайдиган биринчи уйни фойдаланишга топшириш маросимида Ўзбекистонга келган БМТ бош котибининг ёрдамчиси Хаолянь Шу, қурилиш вазирининг ўринбосари Шукурулло Жаҳонгиров ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги, энергия самарадорлиги департаменти директори Музаффар Ҳакимов ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Хаолянь Шу – БМТ бош котибининг ёрдамчиси

“Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қўшган ҳиссаси нуқтаи назаридан энергия тежаш бўйича юқори салоҳиятга эга. Бу тажрибанинг кенг қўлланилиши энергия сарфини ошириш шароитида энергия тежашга ёрдам беради, шунинг учун лойиҳа амалга оширилганидан хурсандман”, – дейди Хаолянь Шу.

“Ўзбекистон иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурсларни оқилона истеъмол қилишга ўтиш йўлида, 2019-2030 йилларда “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси тўғрисида тегишли Қонунчилик базаси тайёрланди. Хусусан, 2030 -йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш улушини фақат қуёш энергияси ҳисобига 8,8 фоизга оширишни мақсад қилганмиз”, – деди Музаффар Ҳакимов.

“Уйнинг барқарорлиги, ўзига хослиги шундаки, у қишлоқ жойларида муносиб ва қулай яшаш шароитида иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш орқали углерод изини камайтиришга ёрдам беради. Ҳукумат бизга айнан шундай вазифаларни қўйганди. Шунинг учун Ўзбекистон қурилиш вазирлиги, БМТТД лойиҳаси билан биргаликда қишлоқ жойларда уй – жойлар қуришда энергия тежайдиган технологияларни янада жорий этиш учун мана шу наъмуна бўладиган уйнинг энергия самарадорлигини доимий мониторинг қилиб бормоқдамиз”, – дейди Шукурулло Жаҳонгиров.

БМТТД/ГЭФ ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлигининг “Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ уй-жой қурилишини ривожлантириш” қўшма лойиҳаси мамлакат аҳолисини атроф-муҳитга зарар етказмайдиган, яхшиланган ва қулай яшаш шароитлари билан таъминлаш эди. Лойиҳанинг муҳим ютуғи 24 турдаги энергия тежайдиган уйларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўлиб, бу бутун Республика бўйлаб энергия тежайдиган ва кам углеродли уй-жойларни оммавий қурилишига туртки бўлди. Бундан ташқари, лойиҳа илгари 1358 та энергия тежайдиган ва кам углеродли уйлар ва квартираларни қуришда молиявий ва техник ёрдам кўрсатган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.