Ўзбекистонда e-Freight юк ташувларини электрон расмийлаштириш платформасини жорий этиш режалаштирилмоқда
Пойтахтимизда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги томонидан “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти иштирокида ташкил этилган “e-Freight” юк ташувларини электрон расмийлаштириш ахборот платформасини жорий этиш ва электрон ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда “ягона дарча” режимида назорат-текширув функсияларини амалга ошириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ матбуот хизмати хабар беради.
Ҳозир Ўзбекистонда юк ташувлари соҳасида электрон ҳужжат айланмасига ўтишга ҳозирлик кўрилмоқда. Бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари учун халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган ушбу семинар мазкур жараённи амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг биринчи босқичи бўлди
«Ўзбекистонга ҳар куни юзлаб тонна турли хил юклар етказиб берилади. Юклар билан бирга тонналаб ҳужжатлар ҳам келиб тушади. Бир товар учун ўртача 20 га яқин турли рухсатномалар расмийлаштирилади. Электрон ҳужжат айланмасига ўтиш нафақат миллионлаб дарахтларни сақлаб қолиш, балки товарларни етказиб бериш жараёнини соддалаштириш ва тартиб-таомилларни имкон қадар шаффоф қилиш имконини беради. e-Freight – бу IATA томонидан тавсия этилган ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида қабул қилинган халқаро стандарт. Мазкур платформанинг Ўзбекистонда жорий этилиши хорижий логистика компаниялари ва авиаташувчилар учун аэропортларимиз рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини сезиларли даражада оширади», – дея қайд этади Uzbekistan Airports АЖ бошқарувининг раиси Раъно Жўраева.
Семинар доирасида экспертлар e-Freight стандартини жорий этиш бўйича халқаро тажриба ва натижалар, давлат чегараси ўрқали ўтиш пунктларида назорат-текширув функцияларини амалга ошириш технологиясини ўзгартириш борасида талаблар, шунингдек авиаташувларга оид электрон ҳужжатларни расмийлаштириш ва юритиш амалиёти ҳақида сўз юритдилар.
Шарҳлар