Ўзбекистонда Европа мобиллик ҳафталиги ўтказилади

Бешинчи йиллик Европа мобиллик ҳафталиги 16 сентябрда бошланади ва ой охиригача давом этади. 22 сентябрь куни Бутунжаҳон автомобилсиз кун сифатида тан олинган, деб ёзади «Дунё» АА.

Ўзбекистонда Европа мобиллик ҳафталиги бешинчи бор ўтказилмоқда. 2023 йилги “Энергияни асра” мавзуси барқарор шаҳар ҳаракатини рағбатлантиришда энергия самарадорлигининг муҳим ролига урғу беради.

“Энергияни сақлаш ва тежаш иқлим ўзгаришига қарши курашиш, энергия хавфсизлигини таъминлаш ва жамоа фаровонлигини ошириш учун муҳим аҳамиятга эга. Барқарор мобиллик ойлиги доирасида энергия тежашнинг глобал аҳамиятини тан олайлик ва барқарор ҳаракатчанликни кундалик ҳаётимизнинг муҳим қисмига айлантирайлик. Ўзбекистон транспорт инфратузилмасида энергия самарадорлиги муҳим роль ўйнашини тан олиш барқарор шаҳар ҳаракатланишига йўл очади. Биз биргаликда экологик тоза ва адолатли келажак сари интиламиз”, — дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Бу йил Европа Иттифоқи ташаббуси 39 мамлакатнинг икки мингдан ортиқ шаҳрини қамраб олади. Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси жаҳон тажрибаси ва ўтмишдаги амалиётга асосланиб, ҳукумат ҳамкорларини, маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқаролик жамияти ташкилотларини бўлажак мобиллик ҳафталигида иштирок этишга таклиф қилади. Бу ҳаракатчанлик, сиёсатни ишлаб чиқиш, инфратузилмани яхшилаш ёки хабардорликни ошириш ташаббуслари орқали амалга оширилиши мумкин.

Аҳолига атроф-муҳитга таъсир қилмайдиган транспорт воситаларидан – пиёда, велосипедда, метро ва трамвайдан фойдаланиш тавсия этилади. Бундай танлов нафақат энергияни тежаш, балки атроф-муҳитни яхшилаш, жисмоний фаолликни ошириш ва одамларнинг фаровонлигини оширишга ёрдам беради.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.