Ўзбекистонда “Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампанияси бошланди
«Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» ҳар йили ўтказиладиган халқаро кампаниядир. Ушбу кампания жорий йилнинг «25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка бархам бериш” халқаро кунидан бошланиб, «10 декабрь – Инсон хуқуқлари” кунига қадар давом этади.
Жорий йилда ушбу кампаниянинг 30 йиллиги нишонланади. Бу йилги глобал кампанияга Ўзбекистонда «Зўравонлик билан биргаликда курашамиз!» мавзусидаги давра суҳбати орқали старт берилади. Мазкур старт Олий Мажлис Сенати, Ўзбекистон Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва БМТнинг Aҳолишунослик жамғармасининг (ЮНФПА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқининг Ўзбекиcтондаги Делегацияси билан ҳамкорликда ўтказилади.
16 кунлик кампания доирасида мамлакат бўйлаб турли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, гендер зўравонлик бўйича чекка худудларда бепул психологик консультация ва тренинглар ташкил этиш, соғлиқни сақлаш, хуқуқни мухофаза қилиш, психологик ва ижтимоий ҳимоя соҳа ходимлари учун зўравонликдан жабр кўрган шахсларга ёрдам бериш бўйича тасдиқланган миллий стандарт операцион тартибларини амалиётга татбиқ этиш бўйича тренинглар, университетларда ёшлар иштирокида зўравонликни олдини олишга қаратилган акция, Халқаро Ислом академиясида гендер зўравонлик масалаларига оид дарслик тақдимоти, «Зўравонликка йўл йўқ!» телеграмм каналининг “Ҳаётий ҳикоялар” номли китоб такдимоти, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида гендер тенглик ва гендер зўравонлик бўйича иншолар танлови, ёшлар ўртасида гендер тенглиги бўйича фотосуратлар танлови, ёшлар орасида нотиқлик махоратини ривожлантириш мақсадида “тенгсизликка барҳам беринг, ОИТСга барҳам беринг” мавзусида #yoshsuhbatlar маҳорат дарслари ва бошқа тадбирлар.
Кампания доирасида турли давлат ташкилотлари, университетлар, бизнес ва хусусий сектор, БМТнинг агентликлари, халқаро ташкилотлар, элчихоналар ва бошқалар сафарбар этилади.
Шарҳлар