Bo'limsiz

Ўзбекистонда “инвестиция менежери” лавозими жорий этилмоқда

Фото: пресс-служба президента страны

Ўзбекистон Инвестиция вазирлигида янги инвесторларнинг ҳар бирига ҳамроҳлик қилиш учун «инвестиция менежери» лавозими жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълумот берди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

«Инвестиция менежерлари» бевосита вазирга бўйсунади ва хорижий инвесторлар билан доимий алоқада бўлиб, келиб тушган масалаларни ҳал қилиб боради. Хорижий келишувлар доирасидаги инвесторлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилади.

Йиғилишда инвестиция ва ташқи ишлар вазирларининг барча ўринбосарларига «инвестиция менежерлари» билан бирга шу тизим асосида жами 437 нафар инвестор билан амалий ишларни бошлаб, жорий йилнинг ўзида қўшимча 3 млрд доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Президент 12,1 миллиард долларлик хорижий сармояни ўзлаштириш билан инвестиция дастурига киритилган 1500 та лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш вазифасини қўйди.

Жумладан, Давлат инвестиция дастури доирасида ишларни “лойиҳабай” ёндашуви асосида ташкил этиш (ҳар бир лойиҳа бўйича) ва қиймати 11,5 миллиард долларлик 272 та йирик объектни муддатидан олдин ишга тушириш режалаштирилган. Ҳар бир лойиҳа учун жавобгарлик вазир, вазир ўринбосарлари ва банклар раҳбарларининг зиммасига  юкланади.

Ҳудудларда 89 та йирик лойиҳани муддатидан олдин ишга тушириш учун инфратузилма масалалари ҳал этилиши керак. Жорий йилги бюджетга инфратузилма лойиҳалари учун 1,2 триллион сўм киритилган. Президент бу етарли эмаслигини таъкидлаб, қўшимча 100 миллион доллар ажратиш бўйича топшириқ берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.