ДХХ Тошкент аэропортида сўроққа тутилган фуқароларга нисбатан жиноий иш қўзғади

«Let`s fly travel» МЧЖ Ўзбекистон фуқароларини Саудия Арабистонига ноқонуний йўллар орқали жўнатиш билан шуғулланиб келган...

Бир нечта хорижий оммавий ахборот воситаси Ўзбекистон мусулмонлар идорасини четлаб, Макка ва Мадинада бўлган 35 нафар зиёратчи 7 соат давомида Тошкент аэропортида сўроққа тутилгани ҳақида хабар берганди. Давлат хавфсизлик хизмати бу маълумотни рад этиб, “сўроқ тадбирларининг давомийлиги 1 соатдан ошмаганини” маълум қилди.

ДХХ трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан жиноий иш қўзғади, дея хабар беради Kun.uz ЖХХ матбуот хизматига таянган ҳолда.
Маълум бўлишича, 2018 йил кузида Тошкентда очилган «Let`s fly travel» МЧЖ ўтган вақт давомида Ўзбекистон фуқароларини Саудия Арабистонига ноқонуний йўллар орқали жўнатиш билан шуғулланиб келган.

“Аниқланишича, «Let’s fly travel» МЧЖ 2018 йилнинг ноябрида Саудия Арабистонига «умра» зиёрати учун 10 кишидан иборат «ҳожилар гуруҳи»нинг илк партиясини жўнатган. Кейинроқ ушбу уюшган жиноий гуруҳ Ўзбекистон фуқароларини ҳаж зиёрати учун оммавий жўнатиш каналини йўлга қўйган, бунда хорижий давлатнинг сохта паспортларидан фойдаланилган.

«Ҳаждан қайтган “зиёратчилар”ни сўроқ қилиш пайтида Саудия Арабистонига бориш учун чет эл давлатларининг қалбаки паспортларидан фойдаланганини 10 дан ортиқ киши тасдиқлади”, – дея қайд этади ДХХ.

“Натижада, 2019 йилнинг июнь-июль ойларида уюшган жиноий гуруҳга ҳеч қандай молиявий ҳужжатларни расмийлаштирмасдан Саудия Арабистонига сафар учун ўртача 10 минг доллардан тўлаган 40 нафардан ортиқ кишидан иборат гуруҳ шакллантирилган. Бу пулларнинг бир қисми, 5 минг долларлик партиялар хорижга уюшган жиноий гуруҳга етказиш учун зиёратчиларнинг ўзлари томонидан олиб чиқилган, бу гуруҳ аъзоларининг айримлари диний-экстремистик тузилмаларга алоқадорлиги гумон қилинмоқда”, – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.