Ўзбекистонда электр энергияси тақсимланишини рақамлаштиришга 275 млн доллар ажратилди
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга энергия самарадорлиги ва электр энергияси хизматлари ишончлилигини ошириш учун энергия тақсимлаш тизимини модернизация қилиш ва рақамлаштиришга ёрдам берувчи 200 миллион доллар миқдоридаги қарзни маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz»га банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар қилди.
Тақсимлаш тармоғини рақамли трансформация қилиш ва барқарорлигини ошириш» лойиҳаси доирасида республика ҳудудларидаги 26 та тақсимловчи подстанциялар рақамли подстанцияларга, жумладан, диспетчер назорати ва маълумотларни йиғиш (SCADA) тизимига модернизация қилинади.
Рақамли ҳимоя релеси ва иқлимга чидамли лойиҳа подстанцияларнинг табиий офатлар ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари пайтида ишлаш ишончлилиги ва чидамлилигини оширади, шунингдек, минтақавий электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олади.
«Ўзбекистоннинг эскириб қолган тақсимлаш тармоғини модернизация қилиш мамлакатнинг узоқ муддатли яшил ва кам углеродли стратегияси учун муҳим аҳамиятга эга. Биз нафақат энергия хизматлари сифатини яхшилаш, балки иссиқхона газлари чиқиндиларининг кўпайишига олиб келадиган электр энергия йўқотишларини камайтириш орқали тоза энергияга ўтишни осонлаштирадиган ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.
Ўзбекистонда энергияга бўлган талаб 2019 йилдаги 67 тераватт-соатдан 2030 йилда 120,8 тераватт-соатгача ошиши кутилмоқда. Ҳукумат 2030 йилга қадар мавжуд 12,9 ГВт қувватга қўшимча равишда 17 гигаватт (ГВт) миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳиятини қуришни, жумладан, 8 ГВт қувватга эга қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда.
«Ушбу лойиҳа Ўзбекистонга мамлакатнинг ортиб бораётган талабини қондириш учун зарур бўлган қўшимча энергияни ишончли етказиб бериш имконини беради. Шунингдек етказиш ва тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш, ақлли ва мослашувчан тизимлар қуёш ва шамол каби қайта тикланадиган энергия манбаларининг ўзгарувчанлигини яхшироқ бошқариш имконини беришини ҳисобга олсак, мамлакатга қайта тикланадиган энергияни тармоққа кўпроқ интеграция қилиш имконини беради», — деди ОТБнинг Энергетика бўйича бош мутахассиси Сун Дак Ким.
ОТБ лойиҳаси, шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ (ҲЕТ) давлат тақсимлаш компаниясининг молиявий бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бундан ташқари, ҲEТда гендер тамойилларини жорий этишни институциялаштиришни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, корхона ва Тошкент давлат техника университети ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида талаба қизларни ўқитиш орқали аёллар ва қизларнинг энергетика соҳасида иштирокини рағбатлантириш мақсадида 250 минг доллар миқдоридаги техник ёрдам гранти тақдим этилади.
Бундан ташқари, Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) қисман ОТБ томонидан бошқариладиган 70 млн евро (тахминан 75 млн доллар) миқдорида қўшма молиялаштиришни тақдим этади.
Шарҳлар