Ўзбекистонда KIA и Lada автомобилларини ишлаб чиқарувчи завод автомобилларни майда узелли йиғишни ўзлаштиради
Президент Мирзиёев автомобилларни йирик узелли йиғиш ташкил қилинган ADM Jizzakh МЧЖ заводидаги технологик жараён билан танишди.
Ушбу илк лойиҳанинг қиймати 12 миллион доллардан ошган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг дона. Завод мультибрендли бўлиб, бу ерда “KIА”, “Renault” вa “Lada” русумидаги 10 хил енгил автомобиль йиғилмоқда. Бугунги кунгача ички бозорга 2 мингдан зиёд автомобиллар етказиб берилган.
216 миллион долларлик мазкур лойиҳа доирасида кичик узелли ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Яъни, 314 турдаги бутловчи қисмларни ясаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
«Бунинг натижасида завод қуввати йилига 100 минг донага чиқади. Яна 3 мингта янги иш ўрни пайдо бўлади. Ушбу босқичда маҳаллийлаштириш 30 фоизга етказилиб, йилига 150 миллион долларлик автомобиллар экспорт қилинади. Завод тайёр автомобиль ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, конструкторлик, логистика, кадр тайёрлаш соҳаларини қамраб олади», – дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.
Шунингдек, Америка ва Европа нуфузли инжиниринг компаниялари билан бирга, вилоятда тажриба-конструкторлик ва дизайнерлик маркази ташкил этилади.
Шарҳлар