Ўзбекистонда крипто–активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режими жорий этилмоқда
Шавкат Мирзиёев Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигини Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар беради.
Қуйидагилар Агентликнинг устувор вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
- крипто-активлар айланмаси соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- крипто-активлар айланмаси соҳасида инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;
- крипто-активлар айланмаси соҳасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
- давлат бошқаруви ва турли ижтимоий-иқтисодий соҳаларга маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини ва бошқа энг янги технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни ташаббус қилиш ва илгари суришга кўмаклашиш.
Крипто-активлар айланмаси соҳасига технологияларни жорий қилаётган юридик шахслар учун махсус ташкилий-ҳуқуқий шароит яратишни назарда тутувчи Крипто–активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режими (“Тартибга солиш қумдони” махсус режими) жорий этилади.
Махсус режим иштирокчилари барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилади.
Махсус режим иштирокчилари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича ходимлар томонидан олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар 7,5 фоиз миқдордаги қатъий белгиланган ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилади ҳамда солиқ солиш мақсадида белгиланадиган жисмоний шахсларнинг умумий йиллик даромадлари ҳажмига киритилмайди.
Шарҳлар