Ўзбекистонда маҳаллани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича кенгашлар ташкил қилинади

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 сентябрь куни маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беряпти.

Мамлакатда барча ижтимоий-иқтисодий дастурлар аҳоли талабидан келиб чиқиб, жойларда амалга оширилмоқда. Бунинг учун маҳаллаларга кўплаб ваколатлар, ташкилий ва молиявий имкониятлар берилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат “бешлик тизими” ташкил этилди. Лекин уларнинг ўзаро мувофиқ ишлашида камчиликлар, жуда кўп такрорланишлар бор. Ижтимоий мақсаддаги маблағлар баъзан самарасиз йўналтирилаяпти. Эҳтиёжманд аҳолининг масаласини ҳал қилиш вилоят ва республика идорасига боғланиб қолган. Маҳалла ходимлари фаолиятини баҳолаш мезони йўқ. Уларнинг кўп вақти “қоғоз тўлдириш” ва мажлисларга кетаяпти.

Унга кўра, энди маҳалла бошқарувига солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, “маҳалла еттилиги” бўлади.

Эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилинади. Шунингдек, Бандлик, Тадбиркорлик ва Касаначилик жамғармалари маблағлари ҳар бир маҳаллага тақсимлаб берилади.

Маҳаллада қулай ва электрон иш юритиш йўлга қўйилади. Амалдаги учта платформа – “Онлайн маҳалла”, “Хотин-қизлар”, “Ёшлар портали” ўзаро интеграция қилиниб, ягона тизимда мужассамлаштирилади.

“Маҳалла еттилиги” ишини мувофиқлаштиришда маҳалла раисларининг ваколатлари кенгайтирилади.

«Жумладан, улар ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий ходимни рағбатлантириш ёки интизомий жазо қўллаш бўйича тақдимнома киритиш ваколатига эга бўлади», – дейилади матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда маҳалла тизимини такомиллаштиришнинг ташкилий чоралари ҳам белгиланди. Хусусан, маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича республика, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари жорий этилади. Республика кенгашига – Бош вазир, ҳудудий кенгашларга эса ҳокимлар раҳбарлик қилади. Кенгашлар “маҳалла еттилиги” қўйган масалаларга ечим топади, молиявий манбаларини ҳал қилиб беради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.