Ўзбекистонда маданий мерос агентлиги ташкил қилинмоқда

Источник: Министерство туризма и спорта

Президент Шавкат Мирзиёев  “Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил қилиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Президентнинг янги қарори билан Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармалари ташкил этилади.

Агентликнинг асосий вазифалари этиб моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, музейлар фаолиятини ривожлантириш, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш, археологик тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид хориждаги маданий бойликларни аниқлаш ва уларнинг тўлиқ маълумотлар базасини яратиш этиб белгиланди.

Маданий мерос агентлиги моддий маданий мерос, музейлар, археология, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши соҳасида махсус ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Агентлик ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Маданий мерос агентлиги соҳага оид қонунчилик ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик ёки бузилишларини бартараф қилиш ҳақида тегишлича ёзма равишда огоҳлантиришлар ва ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради. Шу билан бирга, қонун бузилиши ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.