Ўзбекистонда Республика тез тиббий ёрдам маркази ташкил этилмоқда
Президент “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади, деб ёзади “Норма” нашри.
Қарор билан Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиалини тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида ташкил қилиш ва тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизимини йўлга қўйиш назарда тутилган.
Тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари, махсус автотранспорт воситалари, шунингдек дори воситалари ва сарфлаш материаллари, тиббий жиҳозлар таъминоти Марказнинг ҳудудий филиалларига ўтказилади.
Марказ ва унинг ҳудудий филиалларида ситуацион мувофиқлаштирувчи бўлимлар ташкил этилиб, туман (шаҳар) ва ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини таҳлиллар асосида бошқаради ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги автохўжаликлар таркибидаги тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалари Марказнинг ҳудудий филиаллари таркибига ўтказилади. Автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш аутсорсинг шартномалари асосида амалга оширилади. Бунда тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларида ёқилғи-мойлаш материалларининг сарфи электрон дастур орқали назорат қилинади.
Тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими Тошкент шаҳри тажрибаси асосида республиканинг бошқа ҳудудларида 2023 йил 1 сентябрга қадар жорий қилинади.
Бунда, 2022 йил 1 декабрга қадар Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари, 2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари туман (шаҳар)ларидаги диспетчерлик хизматларини тугатиб, Тошкент шаҳри тажрибаси асосида Марказнинг ҳудудий филиалларида ягона “Call-марказ”лар фаолияти йўлга қўйилиши назарда тутилмоқда.
Шарҳлар