Ўзбекистонда Россия компанияси билан ҳамкорликда инсулин ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ишга тушади
Москвада Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россиянинг “Герофарм” биотехнологиялар компанияси раҳбарияти ҳаёт учун зарур бўлган инсулин дори воситаларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш лойиҳасини шакллантириш бўйича амалий чора-тадбирларни бошлаш тўғрисида битим имзолади. Бу ҳақда вазирлик хабар беради.
Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Герофарм” компанияси ўртасида Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини ҳаётга жорий этиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш назарда тутилган.
«Лойиҳанинг амалга оширилиши қандли диабет билан оғрийдиган беморлар учун бир қатор муҳим дори воситаларининг оммабоплигини сезиларли даражада оширади ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг ушбу дорилар импортига қарамлигини камайтириш, дори-дармон хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакатда биотехнологик ишлаб чиқаришни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади», – дея қайд этилади хабарда.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Россия ишлаб чиқарувчисига лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда ҳар томонлама кўмак беради. Яқин келажакда томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва муддатларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб тасдиқлайди.
“Герофарм” МЧЖ МДҲ ва ЕОИИ мамлакатларида биотехнологик дори ишлаб чиқарувчилари орасида етакчи компания ҳисобланади. Компания эндокринология соҳасида юқори технологияли маҳсулотларни экспорт қилади. “Герофарм” инсулинларига Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари бозорида талаб катта.
Шарҳлар