Ўзбекистонда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилишнинг янги тизими жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 май куни спортни оммалаштириш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда қобилиятли йигит-қизларни саралаб, профессионал спортчиларга айлантиришга эътибор йўқлиги қайд этилди. Шунингдек, бошланғич тизим бўлган спорт мактаблари билан Олимпия захиралари коллежлари ва Олий спорт маҳорати мактаблари ўртасида узвийлик йўлга қўйилмаган. Мисол учун, 190 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бор-йўғи 10 та олимпия спорт тури ўргатилади. Спорт федерациялари Олимпия захиралари коллежлари билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйган.
Шу боис йиғилишда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Унга кўра, энди ҳар бир маҳаллада апрель-июнь ва сентябрь-декабрь ойларида мусобақалар ташкил этилиб, яхши натижа кўрсатган ёшлар электрон рўйхатга киритилади ҳамда ҳудуддаги спорт мактабида малакали мураббийлар билан бепул шуғулланиш имконига эга бўлади. Улар жисмоний тайёргарлик даражаси ва разрядига қараб, кейинги босқичга ўтказилади. Спорт мактаблари муайян олимпия спорт турлари бўйича базага айлантирилади. Мураббийларнинг иш ҳақи 35 фоизга оширилади.
Мутасаддиларга ушбу тизимни жорий этиб, яхши натижа кўрсатган маҳаллаларни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Йил якунигача 508 та маҳаллада кўп функцияли спорт майдончалари қурилиши қайд этилди.
Спорт коллежлари Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази сифатида ташкил этилади. Бу марказлар 5-9-синфлар учун Олимпия мактаби, 10-11-синфлар ҳамда 1-2-курслар учун Олимпия ва паралимпия коллежи бўлиб хизмат қилади.
Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳузурида илғор тренер ва хорижий экспертлардан иборат Мураббийлар кенгаши тузилиб, мусобақаларда энг юқори натижага эришган ёшларни коллежларга саралаб олади. Коллеж битирувчилари эса келгусида Олий спорт маҳорати институтига қабул қилинади. Шу тариқа, профессионал спортчилар тайёрлашнинг узлуксиз тизими яратилади.
Спортни ривожлантириш вазирлигига 20 та истиқболли олимпия турини белгилаб, улар бўйича ҳудудий “таянч база”ларни ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Juda qiziqarli maqola!