Ўзбекистонда учта қуёш фото-электр станциясини қуриш бўйича тендер ғолиблари аниқланди. Бу компаниялар ҳақида нималар маълум?
15 декабрь куни Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВт бўлган 3 та қуёш фото-электр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича ўтказилган тендер ғолиблари аниқланди. Бу ҳақда Энергетика ва молия вазирликларининг матбуот хизматлари хабар берди .
MASDAR (БАА) компанияси Бухоро вилоятида 250 МВт қувватга эга станция қуриш бўйича тендерда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 1 киловат-соати учун 3,044 АҚШ центи таклифи билан ғолиб чиқди. Шуни таъкидлаш керакки, бу Ўзбекистонда 62 МВт қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими (BESS) билан амалга оширилаётган биринчи лойиҳадир.
Компания 2006 йилда ташкил этилган . «Masdar компаниясида биз бутун дунё бўйлаб қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини ишлаб чиқамиз», дейилади компания сайтида.
GD Power – Powerchina (Хитой) компаниялар консорциуми Наманган вилоятида 150 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини қуриш бўйича ғолиб сифатида танлаб олинди.
GD Power Development – Хитойнинг China Guodian Corporation шўъба корхонаси бўлиб, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш билан шуғулланади. У 1992 йилда ташкил этилган ва 1997 йилда Шанхай фонд биржасида рўйхатдан ўтган. Бош қароргоҳи Хитойнинг Пекин шаҳрида жойлашган. 2017 йил 28 августда Давлат мулкини назорат қилиш ва бошқариш комиссияси China Guodian Corporation ва Shenhua Group гуруҳининг биргаликда қайта тузилишини эълон қилди. Shenhua Group Хитойнинг энергия инвестиция корпорациясига айланди ва China Guodian Corporation компаниясини ўзлаштирди.
PowerChina номи билан танилган Power Construction Corporation of China компанияси Давлат активларини назорат қилиш ва бошқариш комиссияси қошидаги тўлиқ давлат компанияси бўлиб, оғир қурилиш ва фуқаролик қурилиш саноатининг қурилиш соҳасига тааллуқли. PowerChina 779 та компаниядан иборат. 2020 йилда PowerChina компанияси Fortune Global 500 компаниялари орасида 157-ўринни ва Хитойнинг 500 та энг яхши корхоналари орасида 41-ўринни эгаллади.
“Voltalia” (Франция) компанияси Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини қуриш бўйича ғолиб деб топилди ва ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 1 киловатт-соати учун 2,888 АҚШ центини таклиф қилди.
Компания 2005 йилда ташкил этилган . Қонуний фаолият қаторига электрон компонентлар ва платалар ишлаб чиқариш, муҳандислик фаолияти ва тегишли техник маслаҳатлар киради. Корхонадаги ходимлар сони 200 кишигача.
Музокаралар давом этади.
Шарҳлар