Ўзбекистондан Украинага 34 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами етиб келди
8 апрель куни Украина Ўзбекистондан 34 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдамини олди. Бу ҳақда Закарпатье вилояти маъмуриятининг матбуот хизмати хабар беради.
Вилоят раҳбари Виктор Никитанинг сўзларига кўра, инсонпарварлик юки дори-дармон, индивидуал аптечкалар, узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқалардан ташкил топган. Инсонпарварлик ёрдами Закарпатье вилояти маъмуриятининг Европа гуманитар хабларидан бирига етиб келган.
“Инсонпарварлик ёрдами зудлик билан “қайноқ” нуқталарга жўнатилади”, – дея қайд этади вилоят раҳбари.
Виктор Никита Ўзбекистон ҳукуматига кўрсатган ёрдами учун ва Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенкога мувофиқлаштириш ва самарали гуманитар йўлак учун миннатдорчилик билдирди.
“Ишончим комилки, бу алоқалар бизга янада самарали ҳамкорлик қилиш имконини беради”, – деди Виктор Никита.
Шарҳлар