Ўзбекистонлик ёш полвон Алишер Ғаниев жаҳон чемпионати финалига чиқди
Албания пойтахти Тирана шаҳрида юнон-рум кураши бўйича 23 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Мусобақанинг биринчи кунида вазни 60, 67, 72, 82 ва 97 килограммгача бўлган полвонлар баҳс олиб боришди.
Алишер Ғаниев (60 кг), Аброр Отабоэв (72 кг) ва Самандар Бобоназаров (82 кг) жангларда муваффақиятли иштирок этди.
Аброр Отабоэв пуэрто-риколик Брандон Наваррони 8:0, озарбайжонлик Руслан Нуруллаевни 3:2 ҳисобида енгди, аммо чорак финалда швециялик Георгис Барбаносга имкониятни бой берди (2:3).
Самандар Бобоназаров венгриялик Миклос Киралхазини (8:0) мағлуб этди, аммо ярим финалда германиялик Денис Накаевга 4:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
Вазни 60 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида Алишер Ғаниев аввалига германиялик Георгиос Скарпелони (9:0), сўнгра чорак финалда украиналик Богдан Гришинни (11:2) мағлубиятга учратди. У ярим финалда озарбайжонлик Ниҳад Гулузадени ишончли мағлуб этиб (9:0) финалга йўл олди.
Бугун, 22 октабрь куни Ғаниев финалда нейтрал спортчи сифатида иштирок этаётган россиялик Динислом Бамматов билан учрашади.
Шунингдек, кун давомида 55, 63, 77, 87 ва 130 килограммгача бўлган вазн тоифаларида саралаш баҳслари бўлиб ўтади.
Шарҳлар