Ўзбекистонлик спортчи қишки Олимпиада ўйинларига биринчи йўлланмани қўлга киритди
Ўзбекистонлик тоғ-чанғи спортчиси Комилжон Тўхтаев 2022 йил Пекинда бўлиб ўтадиган XXIV Қишки Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига Ўзбекистон Чанғи спорти федерацияси маълум қилади.
Малакавий мусобақалар доирасида спортчи “слалом” ва “слалом гигант” ўйинларида “Олимпиада-2022”да қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиш учун очколар йиғиндиси бўйича белгиланган нормативларни бажарган.
«Комилжон Тўхтаевнинг Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритишига Федерация томонидан малакалаш даври бошидан спортчини халқаро мусобақаларда қатнашишга стратегик режалаштириш ҳамда “Янгиобод” турбазаси томонидан молиявий кўмак ёрдам берди», – дея қайд этади Федерация раҳбарияти.
Ўқув-машқ йиғинларидан (ЎМЙ) ва малакалаш мусобақаларидан ўтиш учун тўртта спортчи (иккита асосий ва иккита захира) Чанғи спорти федерацияси томонидан тасдиқланди, Туризм ва спорт вазирлиги эса уларнинг қишки Олимпиада ўйинларига тайёргарлик дастурини молиялаштирди. ЎМЙ Италия, Австрия ва Россияда бўлиб ўтади.
Халқаро Олимпия қўмитасининг қоидаларига кўра, ҳозирча Ўзбекистон тоғ-чанғи спорти турида фақат иккита квотага (бир аёл, бир эркак) даъвогар бўлиши мумкин.
Малакалаш даври 2019 йил 1 июлдан 2022 йил 16 январгача бўлиб ўтади. Мамлакатимиз қишки Олимпиада ўйинларига яна бир йўлланмани қўлга киритиши мумкин.
«Ўзбекистонда бошқа чанғи спорти турлари – сноуборд, фристайл, ски-кросс, югуриш чанғилари бўйича ҳам яна бир нечта лицензияни қўлга киритиш салоҳияти мавжуд. Чанғи спортини ривожлантириш федерациясининг таклифлари аввалроқ Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ҳам Туризм ва спорт вазирлигига тақдим этилганди», – дейди федерация вакиллари.
Уларнинг сўзларига кўра, анъанага кўра ёзши Олимпиада ўйинларига лицензия олганлик учун давлат спортчига 100 млн сўм, мураббийга эса 50 млн сўм миқдорида мукофот ажратади.
«Афсуски, бу амалиёт фақат ёзги Олимпиада ўйинларида қўлланади. Шундай рағбатлантирувчи мукофотлар қишки Олимпиада ўйинлари учун ҳам тўланса, адолатдан бўларди», – дея таклиф қилишмоқда федерациядагилар.
Қайд этиб ўтамиз, қишки Олимпиада ўйинлари 2022 йилнинг 8-20 февраль кунлари Пекинда ўтказилади. 2018 йилги қишки Олимпиада ўйинларида Ўзбекистондан чанғичи Комилжон Тўхтаев ва фигурачи Миша Ге қатнашганди.
Шарҳлар