Жамоатчилик Тошкентдаги Авиасозлар саройи ёнидаги теннис кортларининг бузилишига қарши чиқди
Ўзбекистонлик таниқли теннисчи Ирода Тўлаганова Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги Авиасозлар саройи рўпарасидаги теннис кортлари бузилишига қарши чиқди. Унинг мурожаати Ўзбекистон теннис федерациясининг Фейсбукдаги расмий саҳифасида ҳам эълон қилинди, деб ёзади «Газета» нашри.
Тўлаганова “республикамиздаги теннис кортларини бузиш учун қарор қабул қилувчи ва жавобгар бўлган одамларга” мурожаат қилади.
“Мамлакатимизда спорт миллат саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида, шунингдек, Тошкент шаҳрида, ҳар бир туманда теннис стадионлари барпо этилди. Аммо, афсуски, айни дамда кўплаб теннис кортлари бузиб ташланган”, — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, Жиззах шаҳрида иккита, Термиз шаҳрида эса илгари халқаро турнирлар ўтказилган халқаро стандартларга жавоб берадиган битта стадион бузиб ташланган. Тошкентда сўнгги бир неча йил ичида 20 дан ортиқ корт бузиб ташланган.
“Айни пайтда «Авиасозлар» теннис стадиони (собиқ Лисунов стадиони)нинг “яшаши” масаласи турибди. Агар сиз миллат саломатлигини мустаҳкамлашга бефарқ бўлмасангиз, нафақат мавжуд теннис кортларини асраб-авайлашга, балки янги спорт мажмуаларини ҳам барпо этишга чақирамиз, чунки статистика маълумотларга кўра, мамлакатимизда теннис ҳар йили аҳоли ўртасида тобора оммалашиб бормоқда”, – дейди спортчи.
Шу ҳудудда яшовчи фуқаронинг айтишича, уч йил олдин «теннис кортлари ёпилиб, бузилиб ташланмаслиги учун уларни ҳимоя қилишга муваффақ бўлинган», аммо бугун бу ҳудуд сотилаётгани маълум бўлган.
“Бу бизнинг ҳудудда болалар теннис ўйнаши мумкин бўлган ягона корт. Акс ҳолда биз уларни йўқотиб қўйишимиз эҳтимоли катта… Бугундан бошлаб кортнинг барча ходимларига 18-санагача ишдан бўшатиш тўғрисида ариза ёзиб, ҳудудни бўшатиш кераклиги айтилган. Гўёки бу ерда реконструкция бўлармиш, лекин умуман олганда бу ерда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Балки воқеа аввалига реконструкция қилиниши керак бўлган Қозоғистон кинотеатриникидай бўлар, лекин аслида улар у ерда ҳам кўп қаватли уй қуришган”, — дейди аёл.
Шарҳлар