“Ўзфармназорат” ташкилоти “Антиструмин” препаратини ишлаб чиқарган Samo корхонасини текширмоқда
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳисобланган «Ўзфармназорат» ташкилоти Samo фармацевтика компаниясининг фаолиятини текширмоқда.
Аудит дори воситалари ва фармацевтика фаолиятига доир норматив ҳужжатларга мувофиқлиги, шунингдек, лицензиялашнинг мажбурий талаблари ва шартларига мувофиқлиги юзасидан ўтказилади. Бундан ташқари, «Антиструмин» препаратининг хавфсизлик кўрсаткичлари дори воситаларининг хавфсизлиги бўйича умумий техник регламентлар доирасида таҳлил қилинади.
«Ўзфармназорат» ушбу дори воситаси билан боғлиқ бўлган ножўя таъсирларнинг оммавий равишда юзага келиши сабаблари аниқланмагунича, асоссиз хабарларни тарқатмасликни сўраган.
Наманган вилоятида камида 71 нафар бола касалхонага ётқизилганидан сўнг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги текширув якунлангунига қадар “Антиструмин” №100 таблеткаларидан фойдаланишга тақиқ жорий қилди.
Бироқ соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонованинг айтишича, озиқ-овқат ёки дори-дармонлардан заҳарланиш гумонлари ҳали тасдиқланмаган. Шифокорлар ҳам препарат билан боғлиқ заҳарланиш йўқлигини таъкидлашмоқда.
Бош прокуратура аввалроқ хабар берганидек, юзлаб болалар касалхонага ётқизилгани бўйича жиноий иш очилган.
Шарҳлар