“Ўзгидромет” ҳаво ифлосланиши даражаси кўрсаткичларини пасайтириб кўрсатяптими?
IQAir кўрсаткичлари
12 февраль соат 10.00 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси меъёрдан 16 бараварга ошган. Маълумотлар IQAir порталида кўрсатилган.
Соат 09:05 да Ўзбекистон пойтахтидаги кузатув станцияси 164 AQI натижасини кўрсатди. PM2.5 концентрацияси ЖССТ тавсия қилган йиллик ўртача ҳаво сифатидан 16,2 баравар юқори.
“Ўзгидромет” кўрсаткичлари
Бироқ, “Ўзгидромет” агентлиги кузатувлари натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида (9:00-10:00) ҳавонинг майда чанг зарралари (PM 2,5) билан ифлосланиши бошқача кўрсатилган:
- Чилонзор тумани Халқлар дўстлиги ҳудуди – 84,7 мкг/м3;
- «Бодомзор», Юнусобод тумани – 54,2 мкг/м3
Ушбу ҳудудлардаги ҳаводаги чанг миқдори AQI кўрсаткичи – РМ 2,5 бўйича «зарарли» ҳаво ифлосланиши деб таснифланади.
AQI (Air Quality Index) ва PM2.5 (Particulate Matter 2.5) ўртасидаги фарқ ҳаво сифатини ўлчашнинг икки хил усулидир, аммо улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.
PM2.5
PM2.5 диаметри 2,5 микрометрдан кичик бўлган ҳавони ифлослантирувчи зарраларни англатади. Бу зарралар жуда кичик ва инсоннинг нафас олиш йўлларига, шу жумладан ўпкага чуқур кириб бориши мумкин.
Ҳавонинг бир кубометри учун бундай заррачалар сони (μg/m³) ҳисобланади.
PM2.5 ҳаво сифатининг муҳим кўрсаткичидир, чунки у соғлиққа, жумладан нафас олиш касалликлари ва юрак-қон томир касалликларига жиддий таъсир қилиши мумкин
AQI
AQI ёки ҳаво сифати индекси ҳаво сифатининг бир қанча параметрларини, жумладан PM2.5, PM10, озон (О3), азот диоксиди (NО2) ва олтингугурт диоксиди (SО2) даражаларини бирлаштирган рақамли шкаладир.
AQI ушбу турли параметрлар асосида ҳаво сифатининг умумий рейтингини тақдим этади.
AQI ҳаво сифатининг жорий даражаси билан боғлиқ бўлган саломатлик даражасини кўрсатадиган рангли шкала ёки тоифаларга эга бўлиши мумкин бўлган рақам сифатида тақдим этилади.
Шундай қилиб, PM2.5 ҳавони ифлослантирувчи нозик заррачаларга қаратилган ўзига хос ўлчовдир, AQI эса умумий ҳаво сифатини баҳолаш учун бир нечта параметрларни, жумладан PM2.5 ни бирлаштирган кенгроқ индексдир.
Айни пайтда соат 17:00 да 155 AQI натижасини кўрсатмоқда. PM2.5 концентрацияси ЖССТ тавсия қилган йиллик ўртача ҳаво сифатидан 12,7 баравар юқори.
Ўтган ҳафта охирида Uzum ва “Капиталбанк” датчикларнинг энг йирик (бугунги кунда) тармоғи яратилгани ҳақида эълон қилди. Йил охирига қадар корхоналар барча ҳудудлардаги Uzum Market буюртмаларини бериш пунктлари ва «Капиталбанк» филиалларига 50 та датчик ўрнатиш ниятида.
Шарҳлар