Жаҳон банки ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар учун Ўзбекистонга 400 млн доллар ажратди
Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Тараққиёт сиёсати операциялари (ТСО) доирасида Ўзбекистонга 400 миллион АҚШ долларлик молиялаштиришни тақдим этишни маъқуллади. Унинг мақсади давлат томонидан мамлакатнинг инклюзив ва рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришга ёрдам берадиган муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширилишида ёрдам беришдир. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига Банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилади.
Ушбу операциялар доирасида Ўзбекистонга 30 йилдан ортиқ муддатга паст фоизли 250 миллион АҚШ долларлик имтиёзли кредит, шунингдек, қайтариш муддати 12 йилдан ортиқ бўлган 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит бозор фоиз ставкасида тақдим этилади.
Ўзбекистонга кўрсатилаётган молиявий ва техник ёрдам ҳукуматга қатор муҳим ислоҳотларни амалга ошириш имконини беради. Уларга қуйидагилар киради: буғдой бозорини янада либераллаштириш, давлат корхоналари бошқарувини такомиллаштириш, давлат харажатлари ва қарзлари устидан ҳисобдорлик ва назоратни кучайтириш, меҳнат бозорида гендер асосида камситишга қарши курашиш, кам таъминланган шахсларнинг нафақа билан таъминланганлигини ошириш, шунингдек, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий имкониятларни кенгайтириш.
«Ўзбекистон очиқ ва инклюзив бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида ислоҳотларга содиқ эканлигини намойиш этишда давом этмоқда, – дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. “Ҳукуматнинг 2026 йилгача аҳоли ўртасида камбағаллик даражасини икки бараварга камайтириш ва 2030 йилга бориб Ўзбекистоннинг ўртача даромади юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиши борасидаги мақсадларига эришиш учун миллий иқтисодиёт тезроқ ўсиши керак. Бунинг учун хусусий секторда кўпроқ иш ўринлари яратилиши, фуқаролар, айниқса, аёллар, ёшлар ва ногиронлоги бўлган шахслар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтириш керак бўлади. Ушбу операциялар доирасида Банк томонидан қўллаб-қувватланаётган ислоҳотлар юқоридаги мақсадларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади ва одамлар ҳаётини яхшилашга ёрдам беради».
Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистонга ислоҳотларни амалга оширишнинг ҳозирги суръатини сақлаб қолиш учун ёрдам беришда давом этади. Мамлакат билан ҳамкорликнинг янги дастурини ишлаб чиқиш доирасида ҳукумат, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор билан маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда. Унда 2022-2026-йилларда Жаҳон банки гуруҳи томонидан Ўзбекистонга кўрсатиладиган молиявий ва техник ёрдамнинг асосий йўналишлари белгилаб берилади. Янги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш 2022 йил ўрталарида якунланиши кутилмоқда. У ҳукумат келгуси беш йил давомида амалга оширишни режалаштираётган ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг янги миллий стратегияси билан чамбарчас боғлиқ бўлади.
Жаҳон банки 2017-2021-йилларда Ўзбекистон тараққиёти стратегиясини амалга оширишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Бугунги кунда банкнинг мамлакат бўйича дастурига қуйидаги соҳаларни ўз ичига олувчи 26 та лойиҳа кирган: иқтисодиётни бошқариш, қишлоқ хўжалигини модернизатсия қилиш, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва канализатсия тизимлари, энергетика, транспорт, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмаси, миллий инноватсион тизим ва солиқ маъмуриятчилиги соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, пандемиянинг фуқаролар саломатлиги ва мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатиш.
Шарҳлар