Жадидлар тўғрисидаги ўзбек фильми Канн кинофестивалида мукофотга сазовор бўлди
Ўзбекистонлик режиссёр Руслан Салиевнинг “Армон” ҳужжатли фильми Канн шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон кинофестивалининг “Энг яхши таълим фильми” номинациясида ғолиб бўлди.
Дастлаб фильм “Энг яхши тарихий фильм” номинациясида кўриб чиқилди, бироқ ҳакамлар ҳайъати Ўзбекистон тарихидан унчалик хабардор бўлмаган европалик томошабинлар учун бу, биринчи навбатда, маълумот берувчи фильм, деган хулосага келди.
Салиев таъкидлаганидек, “Армон” фильми Марказий Осиёдан фестиваль финалида тақдим этилган ягона фильм бўлди. Ҳужжатли фильм BWG Production томонидан ишлаб чиқарилган. Унда ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида Россия империяси ва ХХ асрнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ССР даврида Туркистон ўлкасида жадидчилик ҳаракати ҳақида ҳикоя қилинади.
Фильмда жадидларнинг синфий жамият қурган тузум доирасида миллий ўзликни сақлашга интилиши кўрсатилган. Совет ҳокимиятига ишонган илғор одамларнинг хатолари кўрсатилган. Мусулмон жамиятида гендер тенглигига, жумладан, шоира Анбар-отин мисолига эътибор қаратилади.
Анбар-отин ролини таниқли тожик-рус хонандаси Манижа ижро этган, унинг учун бу фильм дебют бўлди. Суратга олиш ишлари Ўзбекистон, Россия ва Туркияда амалга оширилди.
Шарҳлар