ЎзХДП президентликка номзоднинг дастурини тасдиқлади

Фото: Международный пресс-центр ЦИК

29 май куни Тошкентда бўлиб ўтган Халқ демократик партиясининг XIII қурултойида партия етакчиси Улуғбек Иноятовни президентликка номзод этиб тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда “Газета” нашри партияга таянган ҳолда ёзади.

Партия 12 май куни Улуғбек Иноятовни президентликка номзод сифатида кўрсатганди. Шундан сўнг партия сайловда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларини тақдим этиб, рухсат олган.

Номзод дастуридан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилиги мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этиш, дейилади хабарда.

Дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш йўналишларида 100 га яқин таклиф ва ташаббус илгари сурилган.

Хусусан, пенсия тизимини такомиллаштириш, «Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида»ги, «Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк обектларини улуш қўшган ҳолда қуришда иштирок этиш тўғрисида»ги, «Уй-жой қурилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш режалаштирилган. Тиббий хизматларни рақамлаштириш, мактаблар ўқув дастурларида чет тиллар ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш, «мактаб солиғи»ни жорий этиш, ижара компенсация тизимини докторантларга нисбатан ҳам жорий этиш, пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш каби ташаббуслар ҳам илгари сурилган.

Бундан ташқари, дастур «барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик асоси сифатида» ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш мақсадида иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолишни назарда тутади. Номзод маҳаллий инвесторларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш, қимматбаҳо мол-мулк учун солиқ жорий этиш, Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тижорий фаолият, реклама билан шуғулланаётганлар даромадларини солиққа тортиш ва бошқаларни кўзламоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.