Жиноят-процессуал кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳасида Жиноят-процессуал кодексида хорижий ҳамкорликнинг қуйидаги тартиби белгиланмоқда:
- хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақида Бош прокурор ёки унинг ўринбосари томонидан Олий судга илтимоснома киритилиши;
- илтимоснома озодликдан маҳрум этилган ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахснинг доимий яшаш жойи бўйича, доимий яшаш жойи бўлмаганда эса, Ўзбекистон ҳудудида охирги рўйхатга олинган жойи бўйича жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан кўриб чиқилиши;
- маҳкум ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган шахсни бериш ва қабул қилишга уларнинг, қонуний вакили ёки яқин қариндошининг аризасига, шунингдек, Бош прокуратура ёки хорижий давлат ваколатли органининг илтимосномасига биноан берилаётган шахс ёхуд унинг қонуний вакилининг розилиги билан йўл қўйилиши;
- маҳкум ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган шахсни бериш Бош прокурор ёки унинг ўринбосарининг қарори, уларни қабул қилиш эса, суднинг ажримига асосан амалга оширилиши.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Улашиш:
Шарҳлар