Жиззах вилоятида қариндоши калтаклаганидан кейин уч ёшли қизча вафот этди
Жиззах вилояти Пахтакор туманида 3 ёшли қизалоқ қариндоши томонидан тан жароҳатлари етказилиши оқибатида шифохонада вафот этди. Бу ҳақда «Газета» нашри Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.
Маълумотларга кўра, қизчанинг онаси А.Қ. 2020 йилда Туркия давлатига чиқиб кетган ва фарзандини қариндоши Д.Ю.нинг қарамоғига ҳужжатларсиз ташлаб кетган.
Аёл 2019 йилда туғилган вояга етмаган Ш.Қ га қасддан оғир тан жароҳати етказганлиги оқибатида у ўзига келмасдан, 13 август куни шифохонада вафот этган.
«Қизча шунчалик хўрланганки, кўкармаган жойи қолмаган. Ўнг қўли цинган, юз кўзлари кўкариб, шишиб кетган. Ҳамма жойида шилинган, кўкаришлар бор, оғиз бўшлиғи — милклари йиринглаб кетган», — деб ёзади «Дарё» нашри.
Ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилди. Суд ажримига кўра унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговнинг бориши устидан вилоят прокурори томонидан алоҳида назорат ўрнатилган.
Шарҳлар