Жиззахда прокурор пора олганликда гумон қилинмоқда
Жиззахда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари вилоят прокуратураси бошқармаларидан бирининг прокурорини тадбиркордан 1300 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олди, дея хабар қилади Давлат хавфсизлик хизматининг матбуот хизмати.
Иш материалларига кўра, тадбиркор банкдан 200 миллион сўмга имтиёзли кредит олиб, бу пулга қорамол сотиб олган. Банк кредит маблағлари мақсадсиз сарфланганини айтиб, вилоят прокуратурасига мурожаат қилган. Шаҳар прокуратураси тадбиркорга нисбатан жиноий иш қўзғатишдан бош тортган, бироқ департамент прокурори ундан 1300 доллар талаб қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан прокурорга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 211-моддаси (пора бериш) ва 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноятга қасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Шарҳлар