Жиззахлик талаба Ёшлар иттифоқи кафиллиги билан суд залидан озод этилди

Foto: uzreport.news

Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман судида эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган зоминлик 2001 йилда туғилган Х. У. Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида суд залидан озод этилди.

Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан Зарбдор туман судида айбланувчи Х. У.га оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Судда у содир этган жиноят иши эҳтиётсизлик оқибатида келиб чиққанлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, ОТМ талабаси эканлиги ҳисобга олинди.

Инсонпарварлик, бағрикенглик ва одиллик тамойилларига таяниб Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида Х. У.га қонун доираисда енгиллик берилди. Х. У.нинг хулқи ва тарбияси бир йил давомида Ёшлар иттифоқи назоратида бўлади ва унинг ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиши таъминланади.

«Ҳеч қандай жиноят жазосиз қолмайди, албатта. Қонунни билмаслик ҳеч кимни жавобгарликдан асраб қолмайди. Кимнинг ёки қайсидир ташкилотнинг кафиллигида озод этилди, назоратида бўлади, дегани “Бутунлай оқланди”, дегани ҳам эмас, энди жиноят содир этган шахс ниҳоятда эҳтиёт ва огоҳ бўлиши, қонунни умуман бузмаслиги шарт, деганидир. Акс ҳолда, эндиги жазо жуда қаттиқ бўлиши мумкин. Буни унутманг», – дейилади хабарда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.