Президент Зоминдаги чорвачилик кластерига борди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Зомин туманидаги “Jizzax Organiс” чорвачилик кластери фаолияти билан танишди.

Умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган бу лойиҳа беш йил олдин ишга туширилган. Йирик мажмуада очиқ ва ёпиқ иншоотлар барпо этилган.

Биринчи босқичда Европа давлатлари ва АҚШдан “Ангус”, “Герефорд” наслли 4 минг бош қорамол, Австралиядан “Дорпер” зотли 2 минг бош наслли қўй келтирилган.

“Jizzax Organiс” кластери ўн минг бош қорамол, тўрт минг бош қўй етиштириш қувватига эга. Йилига беш минг тоннагача гўшт етиштирилади. Бу ерда 750 киши доимий ишлайди.

«Корхонада барча иш жараёнлари рақамлаштирилган. Экин ерларининг 1 минг 300 гектарига сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Бу ишлар учун Австралия, Германия ва АҚШдан замонавий ускуналар келтирилган. Кластерда қиймати ўн миллион долларлик 200 га яқин техника бор», – дейилади хабарда.

Давлат раҳбарига кластернинг янги лойиҳа ва режалари ҳақида ахборот берилди.

28 миллион доллар сармоя эвазига йилига 20 минг тонна сут ва 5 минг тонна гўштни қайта ишлаш кўзда тутилган. Яна 2 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш орқали озуқа етиштирилади.

Чорванинг зотдорлиги фоизини ошириш учун кластер томонидан Зомин, Зарбдор ва Янгиободдаги 15 та маҳаллада “Ангус” зотли қорамолни кўпайтириб, сотиб олиш тизими йўлга қўйилади.

Банклар орқали маҳаллаларга бериладиган молиявий хизматлар тўпламида чорвачиликни ҳам назарда тутиш, озуқа емни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.