Кейс-стади: оригинал контент қандай қилиб “қароқчилик” маҳсулотига айланади. Иккинчи қисм

Ижодининг фаолияти натижаларидан кимдир ноқонуний фойдаланиши ҳар қандай муаллиф ҳаётининг ажралмас қисми ҳисобланади. Журналистларнинг материаллари муаллифни кўрсатмаган ҳолда бошқа нашрда чоп этилади, таниқли ижрочиларнинг қўшиқлари каверларга айлантирилади – шу тарзда чексиз давом этаверади, аммо бу билан курашиш мумкин ва зарур. Шахсий тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда оригинал контентни учинчи шахслар томонидан ноқоний фойдаланишдан ҳимоя қилиш бўйича инсайдлар билан ўртоқлашишда давом этамиз.
 
Аввалроқ биз  ANHOR.UZ сайтининг материаллари STANRADAR.com ресурсида ноқонуний чоп этилаётгани ҳақида ёзгандик. Муаллиф томонидан расмий эътирозлар юборилганидан кейин STANRADAR.com сайтининг администратори жойлаштирилган мақолалар рукнини олиб ташлади. Юзага келган низо веб-сайт эгасига (администраторига) эътироз юбориш йўли билан ҳал қилинди. У STANRADAR.com ресурсида кўрсатилган электрон манзилга юборилди.
 
Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ сайтнинг эгаси ноқонуний жойлаштирилган контентни муаллифдан ёки ҳуқуқ эгасидан шикоят олинганидан кейин 24 соат давомида олиб ташлаши шарт.

Шикоят юбориш ноқонуний контентни олиб ташлашга олиб келмаслиги мумкин. Агар сайт ёки ресурс администратори (эгаси) шикоят хатга жавоб бермаса ёки ноқонуний жойлаштирилган контентни олиб ташлашдан бош тортса, муаллиф сайтнинг хостинг-провайдерига новонуний контентни олиб ташлаш ёки ундан фойдаланишни блокировка қилиш  талаби билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
 
Хостинг-провайдерлар сайтга контент жойлаштирмайди, улар жойлаштириладиган контент мониторингини ўтказишга мажбур эмас. Аммо муайян ҳолатларда хостинг-провайдер ҳам муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши учун жавобгарликка тортилиши мумкин.
 
WHOIS сервисининг маълумотларига кўра, Россиянинг REG.RU  хостинг-провайдери STANRADAR.com домен номининг регистратори ҳисобланади.
 
Бу қандай ишлайди?
 
Россия Федерациясида хостинг-провайдер (хостинг компанияси) ахборот воситачилари тоифасига киради. РФ Фуқаролик кодексининг 1253.1-моддаси 1-қисмига кўра, хостинг-провайдер айби бўлган тақдирда ва қуйидаги шарт билан умумий асосларда интеллектуал ҳуқуқлар бузилгани учун жавобгар бўлади:
 
а) интеллектуал фаолиятнинг тегишли натижасидан ёки шундай материалда бўлган индивидуаллаштириш воситасидан фойдаланиш ноқонуний эканини билмаган ва билиши керак бўлмаган бўлса;

б) ҳуқуқ эгасининг шундай материал жойлаштирилган сайт саҳифаси ва (ёки) интернетдаги тармоқ манзили кўрсатилган интеллектуал ҳуқуқлар бузилгани ҳақидаги ёзма аризаси олинган тақдирда,  у интеллектуал ҳуқуқлар бузилиши тўхтатилиши учун зарур ва етарли чораларни ўз вақтида кўрмаган бўлса.
 
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 1253.1-моддаси 4-бандига мувофиқ интеллектуал ҳуқуқлар бузилганлиги учун жавобгар бўлмайдиган хостинг-провайдерга интеллектуал ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисида талаблар қўйилиши мумкин.
 
Шундай экан, Россия Федерациясида барча хостинг-провайдерлар муаллифдан ёки ҳуқуқ эгасидан асосли шикоят олганда муаллифлик ҳуқуқлари бузилишини тўхтатиш учун чоралар кўриши шарт.
 
Кўп ҳолларда хостинг-провайдернинг расмий сайтида шикоятни тузиш бўйича йўриқнома ва шикоят билан бирга тақдим этиладиган ҳужжатларга қўйиладиган талаблар мавжуд бўлади.
 
REG.RU хостинг-провайдери ўзининг расмий сайтида интеллектуал ҳуқуқлар бузилганлиги ҳақидаги шикоятларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги шартларни тақдим этган.
 
Агар хостинг-провайдер  юборилган шикоят бўйича чораларни, шикоят провайдернинг қоидалари бўйича тақдим этилганлиги шарти билан, оқилона муддатларда кўрмаса, ҳуқуқ эгаси судга мурожаат қилиши мумкин.
 
 Худди шундай процедура дунёнинг кўпгина мамлакатларида амал қилади, чунки ҳар доим ҳам веб-сайт эгасини аниқлаш ёки ноқонуний контент олиб ташланишига эришиш имкони йўқ. Веб-сайтларнинг хостинги бўйича техник хизматларни тақдим этадиган хостинг-провайдерлар ҳам ноқонуний контентни техник блокировка қилиш ва олиб ташлаш имкониятига эга.
 
Интернет тармоғида хостинг-провайдерларнинг (сервис-провайдерларнинг) жавобгарлик асослари ва чегаралари бўйича тегишли қонунчилик нормаларининг асосида ётган рақамли муҳитда муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини имплементациялаш бўйича халқаро стандартлар 1996 йилдан буён мавжуд.
 
Айнан 1996 йилда Муаллифлик ҳуқуқи бўйича БИМТ (Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти) шартномалари ва ижролар ва фонограммалар бўйича БИМТ шартномалари қабул қилинган. Ўзбекистон ушбу иккала халқаро шартномани 2019 йилда ратификация қилган.
 
МАЪЛУМОТНОМА:
 
DIGITAL MILLENIUM COPYRIGHT ACT – Муаллифлик ҳуқуқи бўйича БИМТ шартномаларини ва Ижролар ва фонограммалар бўйича БИМТ шартномаларини имплементациялаш мақсадида 1998 йилда АҚШда қабул қилинган қонун. Қонун Интернет ёрдамида муаллифлик ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтирди ва Takedown Notice процедурасини жорий этди, унга кўра ҳуқуқ эгаси тўғридан-тўғри хостинг- ёки сервис-провайдерга муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Ҳуқуқлар бузилгани ҳақида хабарнома олган сервис-провайдер қонунбузарликни бартараф этиш бўйича чоралар кўриши шарт.
 
Европа Парламенти ва Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги кенгаш директиваси ягона рақамли бозор шароитларида 2019 йилда қабул қилинган бўлиб, контент-провайдерларнинг ҳуқуқ эгалари билан лицензион шартномаларни тузиш ва муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳақида шикоятларни тақдим этишнинг ва зарарни қоплашнинг ўрнатма механизмларидан фойдаланиш мажбуриятини кўзда тутади. Шунингдек, у  платформаларнинг нотижорат мақсадларида фаолият кўрсатувчи фойдаланувчилар томонидан юкланган ноқонуний контент учун жавобгарлигини ҳам кўзда тутади.

 
Аммо, ҳаммаси оддий эмас…
 
Муаллифлар дуч келадиган асосий муаммо – рақамли муҳитда қонунбузарлик фактини қайд этиш. Энг оддий усул – скриншот қилиш, аммо у ҳар доим ҳам судда муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлигининг тегишли далили сифатида қабул қилинмайди.
 
Қатор мамлакатларда ҳуқуқ эгаларига қонунбузарлик фактини қайд этиш имконини берадиган веб-сайтларни нотариал кўрикдан ўтказиш имконияти аллақачон мавжуд. Ноқонуний контент жойлаштирилган саҳифани интернет-сайтларни архивлаштириш бўйича хизматларни тақдим этадиган сервислар ёрдамида қайд этиш мумкин.
 
Ўзбекистонда қандай?
 
Қонунчиликда интернет тармоғида муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш бўйича судгача бўлган самарали чоралар йўқ. Муаллифлик контентини тармоқда ноқонуний жойлаштириш қонунбузарлик бўлса-да, контентдан ноқонуний фойдаланишни тўхтатиш ва бунга чек қўйиш қийин.
 
Бу рақамли муҳитда оригинал контентга бўлган муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўйланган стратегия муаллифлар ва ҳуқуқ эгалари учун долзарб эканини билдиради. Контентни ноқонуний фойдаланишдан ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш, айниқса, агар бизнес-модель оригинал контентни яратишга асосланган бўлса, муҳим.
 
Кейинги материалимизда Ўзбекистон рақамли муҳитида муаллифлик контентига бўлган ҳуқуқларнинг бузилишига чек қўйиш билан боғлиқ жараёнларни нималар қийинлаштираётгани ҳақида ҳикоя қиламиз.
 
Ҳуқуқшунос Мадина Турсунова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.