Контрафакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар олиб кирилишини қандай тўхтатиш мумкин

Биринчи қисм – рақамли маркировкани жорий этиш
 

Интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш нафақат суд ҳимояси усулларини тақдим этилишини, балки контрафакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар айланмасининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни яратишни ҳам назарда тутади.

Сифатсиз товарлар иқтисодий зарар келтиради ва фуқароларнинг соғлиғига реал таҳдид солади. Контрафакт дори воситалари, озиқ-овқатлар, озуқа қўшимчалари, косметика, алкогол ва тамаки маҳсулотлари орасида қалбакилаштирилганлар ҳажми жуда кўп. Бу умумжаҳон муаммоси бўлиб, турли халқаро ташкилотлар мунтазам равишда ўз маърузаларида контрафакт маҳсулотлар айланмасининг йиллик ўсиш миқдорини қайд этиб боради.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (OECD) “Контрафакт ва қароқчилик моллари билан савдо қилиш тенденциялари” мавзусидаги маърузасига кўра, 2019 йилда дунёда контрафакт маҳсулотлар айланмаси 500 млрд долларга етган, бу жаҳон импортининг 3,3% га яқинини ташкил қилади. Европа Иттифоқида айланма 134 млрд долларга, импортнинг қарийб 6% га етган.

2018 йил учун Бутунжаҳон божхона иттифоқининг ноқонуний савдо ҳақидаги ҳисоботи шуни кўрсатдики, 2017 йилда 368 млн донадан ортиқ контрафакт маҳсулот олиб қўйилган.

Бутунжаҳон савдо ташкилотининг қайд этишича, қалбакилаштирилган дори воситалари билан савдо қилиш ҳажмлари ошган. COVID-19  пандемияси қалбаки дориларни сотиш учун қулай шароитларни яратган.

Ўзбекистонда ички бозорда бундай маҳсулот мавжудлиги ҳар бир фуқаро учун яққол бўлса-да, хуфия импорт ва контрафакт маҳсулот ҳажмини баҳолаш бўйича тадқиқотлар ўтказилмаган. 2019 йилда мобил қурилмалар контрабандаси бўйича рақамлар эълон қилинди, уларга кўра бундай контрабанда олиб кирилаётган умумий маҳсулот ҳажмининг 87% ни ташкил қилган. Мобил қурилмаларнинг ноқонуний импорти ҳажмларини камайтириш учун 2019 йилда Ўзбекистонда жорий этилган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими самарасизлиги ва фуқаролар учун ноқулайлиги сабабли танқидга учраяпти.

Ҳозирча барча кўрилаётган чоралар амалий натижани бергани йўқ. Муаммо комплекс бўлиб, шубҳали сифатга эга турли маҳсулотларни етказиб бериш ва сотишнинг ноқонуний занжирларини аниқлаш ва йўқ қилишга қодир бўлган механизмларни талаб қилади.

Жаҳон тажрибаси контрафакт маҳсулот якуний истеъмолчининг қўлига тушишига тўсиқлар яратиш ва контрафакт маҳсулот айланмаси учун жиноий жавобгарлик чораларини қўллаш энг самарали ёндашувлигини кўрсатмоқда.

Биринчи усул: маҳсулотларнинг келиб чиқиш манбасини ишлаб чиқарувчигача кузатиш ва текшириш имконини берадиган товарларнинг рақамли маркировкаси.

Иккинчи усул: товарлар олиб кирилган пайтда контрафакт товарлар ва хуфия импортни аниқлашга йўналтирилган чегара-божхона ҳимоя чоралари ва товарларни муайян муддатга тўхтатиш йўли билан эркин айланмага чиқаришга йўл қўймаслик.

Учинчи усул: юридик шахслар учун тўғридан-тўғри жиноий ва маъмурий жавобгарликни ҳамда пул жарималарини, контрафакт маҳсулотни ишлаб чиқариш, олиб кириш, сақлаш ва сотиш учун пул компенсацияларини белгилаш, контрафакт маҳсулотларни ҳибсга олиш ва йўқ қилиш бўйича кенг кўламли рейдларни ўтказиш.

Алоҳида товар турларини кузатиш учун рақамли маркировкани жорий этиш
 
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 10 июлдаги №ПҚ-4389-сонли “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2020 йил 28 апрелдаги №ПҚ-4699-сонли “Рақамли электроника ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар учун товарларни идентификация воситалари билан маркировка қилиш ва уларнинг кейинги ҳаракатини кузатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

Маркировка учун ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар жавобгар бўлади. Мажбурий маркировка қилиниши керак бўлган маҳсулотларни сотувчи компаниялар Asl belgisi маҳсулотни маркировка қилиш ва хизмат кўрсатилишини мониторинг қилиш Миллий ахборот тизимига уланиши керак бўлади.

Рақамли маркировка ўрамга махсус Data Matrix кодини ўрнатиш ва ушбу товар бирлигини маълумотлар базасига киритишдан иборат. Рақамли код товарнинг ҳақиқийлигини ва сифатини кафолатлайди.

Ўзбекистон Ресспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги № 944-сонли “Маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш ва келгусида кузатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида ”ги қарорига мувофиқ: 

  • 2021 йил 1 январдан бошлаб тамаки маҳсулотлари ва алкоголли маҳсулотлар (пиводан ташқари) учун мажбурий маркировка жорий этилади;
  • 2021 йил 1 апрелдан бошлаб пиво маҳсулотлари учун мажбурий маркировка жорий этилади;
  • 2021 март 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикасига маркировкасиз алкогол маҳсулотларини импорт қилиш тақиқланади.

Фармацевтика маҳсулотлари, сув ва чанқоқбосди ичимликлар ҳамда маиший техниканинг рақамли маркировкасини жорий этиш тартиби ва муддатлари Вазирлар Маҳкамасига мос равишда 2021 йилнинг 30 декабригача, 2022 йилнинг 1 мартигача, 2022 йилнинг 1 майигача киритилиши керак.

Бунда яқин вақт ичида озиқ-овқат маҳсулотларининг алоҳида тоифалари учун мажбурий маркировкани жорий этиш кўзда тутилмаган, ҳолбуки тегишли сифатга эга бўлмаган шундай товарлардан истеъмолчиларнинг соғлиғи ва ҳаёти учун эҳтимолий хатар юқори. Истеъмолчиларга таркиби, яроқлилик муддати, ишлаб чиқарувчи ва сотувчи ҳақидаги маълумотлари йўқ озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган вазият эътиборсиз қолмоқда. Маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари кўп ҳолларда тегишли маркировкасиз ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлик стандартларига амал қилиш бўйича назоратсиз сотилади.

Бир тажриба ўтказиб кўринг: улгуржи бозор бўйлаб сайр қилинг ва сотувчидан озиқ-овқат маҳсулотига мувофиқлик сертификатини кўрсатишини сўранг. Сотувчи шундай сертификатга эга бўлиши керак, истеъмолчи эса уни тақдим этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бу сизга Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари бозоридаги реал аҳволни кўрсатади.
 
Импорт ва экспорт филинадиган маҳсулот назорати бўйича ҳар қандай тизим, энг аввало, инсофсиз импортчи ва экспортчиларни ҳамда ноқонуний маҳсулот занжирларини аниқлашга йўналтирилиши керак. Рақамли маркировкани жорий этиш барча бозор иштирокчиларининг ҳамкорлигини талаб қилади, ахир охир-оқибатда бу, энг аввало, инсофли ишлаб чиқарувчилар, импортчилар ва бошқа бозор иштирокчилари учун манфаатли.

Экспертларнинг фикрича, контрафакт маҳсулотлар айланмаси ҳажмларини камайтириш учун рақамли маркировкани жорий этиш самараси охирги жорий этиш босқичидан кейин камида беш йилдан сўнг баҳоланиши мумкин.

Жорий этишга қаршилар бу кичик ва ўрта бизнес фаолиятига салбий таъсирни, товарлар қийматининг ва солиқ юкининг ошишини  асосий далил сифатида кўрсатмоқда. Бозор иштирокчилари ички бозорда товарлар маркировкасидаги ўзгаришлар ва маркировкага ёндашувларнинг муқаррарлигини тушунишлари керак. Рақамли маркировка тизимининг фаолиятини ушлаб туриш катта инвестициялар ва ваколатли органлар томонидан доимий эътиборни ва жалб этилган тармоқлар томонидан қўллаб-қувватлашни талаб қилади.  
 
Ҳуқуқшунос, патент бўйича ишончли вакил Мадина Турсунова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.