Контрафакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар олиб кирилишини қандай тўхтатиш мумкин: божхона назорати

Материалнинг биринчи қисмида биз хуфия импорт муаммолари мавзусини очиб беришни бошлагандик. Бу ерда контрафакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар импорти ва экспортида қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни яратиш муҳим роль ўйнайди.
 
Божхона назорати ва интеллектуал мулк объектларининг божхона ҳимояси чораларини қўллаш

Товар белгиларидан ёки уларга адаштириш даражасида ўхшаш бўлган белгилардан ноқонуний фойдаланилган товарлар, этикеткалар ва ўрамлар контрафакт ҳисобланади. Шунингдек, агар товарларни ишлаб чиқаришда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бузилган бўлса, бундай товарлар контрафакт ҳисобланади.
 
Оригинал товарни имитация қилувчи маҳсулотларни ва ҳуқуқ эгасининг розилигисиз айланмага киритилган оригинал товарларни олиб кириш товар белгилари эгаларининг ҳуқуқларини бузиш ҳисобланади. Хавф шундаки, импорт маҳсулот кўриниши остида контрафакт, қалбаки ва сохта маҳсулот олиб кирилиши мумкин.

Инсофсиз импортчилар оригинал товар ва контрафакт товарни аралаштириши ҳамда уни мутлақо қонуний равишда сотиши мумкин.
 
2021 йил апрелида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси кучга кирганига беш йил бўлади, унда илк бор интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларнинг божхона ҳимояси чоралари ҳамда Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри (ИМОБР)ни жорий этиш кўзда тутилган. Ушбу ҳуқуқий механизм интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар бузилиши билан ишлаб чиқарилган ёки олиб кирилган контрафакт товарларнинг олиб кирилишига қарши курашиш учун жорий этилган.

ИМОБР жорий этилгунга қадар ҳуқуқ эгалари контрафакт товарларнинг ноқонуний олиб кирилиши ва чиқарилиши амалга ошиб, товар бозорда сотилганидан кейин ҳуқуқлар ҳимояси бўйича мурожаат қилишлари мумкин. Товар белгиларининг эгалари фақат судга мурожаат қилиш йўли билангина контрафакт товарларнинг кейинги олиб кирилишига тақиқ қўйишни талаб қилишлари мумкин.

Энди интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлиги белгиларига эга товарлар аниқланганида, божхона органи божхонада расмийлаштириш ишларини ва товарнинг эркин айланмага чиқишини тўхтатиш ҳуқуқига эга.

Бу янгилик ҳуқуқ эгалари ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган профессионаллар томонидан яхши қабул қилинди. Божхона ҳимояси чораларини қўллаш учун ҳуқуқ эгалари интеллектуал мулк объектини, максимал киритиш муддати билан (3 йил) , ИМОБРга киритиш процедурасидан ўтиши зарур. ИМОБР фаолият кўрсатаётган пайтдан бошлаб унга асосан хорижий ҳуқуқ эгалари томонидан 200 дан ортиқ товар белгиси киритилди.

ИМОБР  фаолият кўрсатаётган беш йил давомида аниқланган ва тўхтатилган контрафакт товарлар натижалари ёки ҳажмлари ҳақида бирортаям ҳисобот чоп этилмаган. Бунинг сабаби оддий – ушбу давр ичида интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш чораларини самарали қўллашга тўсқинлик қилаётган муаммолар аниқланди.

Божхона органларининг интеллектуал мулк соҳасидаги экспертизасининг паст даражаси ИМОБРни самарали қўллаш учун асосий тўсиқ ҳисобланади. Божхона назоратини амалга оширишда контрафакт маҳсулотни аниқлаш бўйича тавсиялар ва методикалар мавжуд эмас.

Божхона ҳимоя чораларини самарали қўллаш интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни амалга оширишнинг асосий жиҳатларини тушунишни, нима интеллектуал мулк объекти эканини, қайси белгилар  интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар бузилишидан далолат беришини тушунишни талаб қилади.

Шунингдек, жорий қонунчилик бўйича божхона декларациясида товар белгисининг кўрсатилиши импортчи учун мажбурият ҳисобланмайди, бу ҳуқуқбузарликни аниқлашни қийинлаштиради.

Механизмнинг яна бир муаммоли жиҳати – божхона органи фақат интеллектуал мулк объекти эгасининг аризаси асосида интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар бузилиши белгиларига эга товарларни тўхтатишга ҳақли. Божхона кодекси аризада қуйидаги маълумотлар рўйхатини кўрсатиш мажбуриятини юклайди:

·         ҳимоя қилиш учун ариза берилаётган интеллектуал мулк объектларини ўз ичига олган товарлар тавсифи;
·         ҳуқуқ эгасининг фикрича, унинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини бузаётган товарлар тавсифи, божхона органлари бундай товарларни аниқлай олиши учун уни батафсил кўрсатиш керак (агар ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили шундай маълумотларга эга бўлса);
·         тахминий ҳуқуқбузарликни аниқлашга кўмаклашувчи бошқа ҳар қандай ахборот (ишлаб чиқарувчи, экспортчи, импортчи ёки юкни олувчи ҳақидаги, товарларнинг божхона чегараси орқали эҳтимолий ўтиш жойи ва санаси, транспортировка ва ўрам турининг ўзига хос хусусиятлари, товар жойлашган манзил ёки у етказилиши режалаштирилаётган манзил ҳақидаги маълумотлар).

Божхона органининг жорий амалиёти аризада ишлаб чиқарувчи, экспортчи, импортчи ёки юк олувчи ва ҳоказолар ҳақидаги маълумотларни ҳимоя қилиш чораларини қўллаш ҳақидаги маълумотларни кўрсатиш талабига асосланган.

Бунда ҳуқуқ эгаси юқорида кўрсатилган маълумотларга эга бўлолмаслиги эътиборга олинмайди. Амалдаги ИМОБР механизми ҳуқуқ эгасидан келажакни кўра олувчи шахсга айланишни ва тахминий товарлар импорти ҳақидаги маълумотларни олдиндан тақдим этишни (башорат қилишни) талаб қилади. Аризада маълумотлар бўлмаганида, божхона органи ҳимоя чораларини қўллашни ва контрафакт товарларни тўхтатишни рад этади.

Шу ерда бутун дунёда божхона чоралари контрафакт товарларнинг эҳтимолий олиб кирилишининг олдини олиш учун жорий этилганини ва қўлланишини таъкидлаш жоиз, чунки божхона ҳужжатларини расмийлаштириш ва товарларни эркин муомалага чиқариш ишлари  айнан божхона органи томонидан амалга оширилади. Бунинг устига божхона органи товарлар олиб кирилиши, импортчилар, экспортчилар, ўтказиш жойлари ва саналари ҳақидаги ёпиқ бўлган маълумотларнинг ягона сақловчиси ҳисобланади.

Кўпгина мамлакатларида интеллектуал мулк объектининг ИМОБРга киритилиши ҳимоя чораларини қўллаш ва ҳуқуқбузарлик белгиларига эга товарларни тўхтатиш учун етарлича асос бўлиб хизмат қилади.

Бу ерда боши ва охири йўқ занжир вужудга келади – ҳуқуқ эгаларидан уларда умуман мавжуд бўлмаган маълумотларни талаб қилишади. Натижада, чоралар кўриш ҳақидаги ариза ижро учун қабул қилинмайди, Ўзбекистонда расмий йўл билан ахборот олиш эса деярли имконсиз.

Масалан, етказиб берувчилар, импортчилар ва олиб кирилган муайян маҳсулот ҳажми ҳақида билишнинг имкони йўқ. Бу ахборот махфий ҳисобланади, бироқ бу иқтисодий ахборотни чеклаш учун оқилона сабаблар йўқ. Ҳолбуки, қонунга кўра муайян тоифадаги импорт товарларни маркировка қилганда импортчи кўрсатилиши керак.

Бу ахборот очиқ бўлиши лозим, чунки у давлат органи томонидан тўпланади ва, масалан, у ёки бу маҳсулотни маҳаллийлаштириш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эканини баҳолаш ва бозорда рақобат даражасини тушуниш учун иқтисодий аҳамиятга эга.

Тажриба ўтказиб кўринг: Давлат божхона қўмитасига 2020 йил учун бирор-бир маҳсулотнинг олиб кириш ҳажмлари ва импортчиси ҳақидаги савол билан мурожаат қилишга уриниб кўринг. Ахборот тафсилотларсиз ва импортчини кўрсатмаган ҳолда, фақат олиб кириш бўлгани ёки йўқлиги ҳақида тақдим этилади.
 
Божхона органи интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар ҳимоясини ташкиллаштиришда алоҳида ролни амалга оширишга чақирилган, чунки фақат у чегарада контрафакт маҳсулот ўтганлиги фактини биринчи бўлиб қайд этиши ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиши мумкин.

Бу роль қонунчиликдаги камчиликлар бартараф этилмагунича тўлақонли амалга оширила олинмайди, божхона органи эса ўзининг контрафакт маҳсулот кириб келишининг олдини олиш бўйича ваколатларида чекланган.

Ҳуқуқшунос, патент бўйича ишончли вакил Мадина Турсунова

Бош саҳифадаги фотосурат: “Народное слово”

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.