Ҳуқуқшунос: «Қонунчиликда контрафакт маҳсулотларни олиб кириш, сотиш ва импорт қилиш учун жавобгарликни кўзда тутиш вақти келди»
Бобур Каримов: Контрабанда иқтисодиётга, нафақат Ўзбекистон иқтисодиётига балки бутун дунё иқтисодиётига ўзининг салбий ва ижобий таъсирларини кўрсатиши мумкин. Бугун биз, патент вакили, интеллектуал мулк бўйича ҳуқуқшунос Мадина Турсунова билан контрабанда ва контрафакт маҳсулотлари ҳақида суҳбатлашамиз.
Ассалому алайкум, хуш келибсиз.
Мадина опа, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари умуман олганда инсон соғлиги учун зарарли бўлган маҳсулотлар ҳисобланади. Айнан шу омил кўплаб давлатларга тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва истеъмол қилиш учун турли хил солиқларнинг юқори ставкаларини белгилаш имкониятини ҳам яратади. Одатда, кўча савдогарлари, яъни майда савдо субъектлари мамлакатимизга контрабанда йўли билан кириб келган маҳсулотларни сотади. Бу жараёнлар солиқ қонунчилигига қандай таъсир кўрсатади?
Мадина Турсунова: Умуман олганда, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини сотиш бўйича савдо қоидалари алоҳида белгиланади, уларни олиб киришнинг ҳуқуқий масалалари эса божхона қонунчилиги билан тартибга солинади. Бу уларнинг божхона органлари томонидан расмийлаштирилишини ва акциз маркалари билан маркировка қилинишини билдиради. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларини рақамли маркировка қилиш кучга кирган. Ҳар битта тамаки ва алкоголь маҳсулоти, агар у Ўзбекистонга қонуний йўл билан олиб кирилган бўлса ёки қонуний йўл билан ишлаб чиқарилган бўлса, унда албатта, давлат томонидан тасдиқланган акциз маркаси бўлиши керак. Шунингдек, QR-код кўринишидаги рақамли маркировка ҳам бўлиши лозим. Савдо расталарида ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш соғлиққа зарар келтириши тўғрисидаги лавҳалар ҳам бўлиши керак. Бу сотувчиларнинг мажбурияти ҳисобланади. Биламизки, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш фақатгина йигирма ёшга тўлган фуқароларга рухсат этилган. Агар тамаки ва алкоголь маҳсулотлари акциз маркаларисиз ёки рақамли маркировкасиз сотилаётган бўлса, унда бу маҳсулотлар ноқонуний йўллар билан кириб келган. Бу, шубҳасиз, нафақат қонунчиликнинг бузилишига, балки давлат бюджетига божхона йиғинлари тўланмаслигига ҳам олиб келади. Умуман олганда, бу қоидалар, ўша, чакана савдо қоидалари билан тартибга солинади. Аммо, ҳозирги кунда, чакана савдо қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни олиб ташлаш таклиф этилмоқда. Бу ташаббус, назаримда, салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки ҳозир бозорларимиздаги аҳвол ачинарли, Сиз ўтказган тадқиқотлар кўп жойларда ноқонуний тамаки маҳсулотлари бемолол, очиқ, ҳеч қандай акциз маркаларисиз сотилаётганини кўрсатмоқда.
Бобур Каримов: Масалан, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига қилган сафарларимизда биз, яъни Anhor.uz журналистлари, контрабанда маҳсулотлари савдо шоҳобчаларида ва майда савдогарларнинг расталарида ҳам эмин-эркин сотилаётган ҳолатларни кўрдик. Улар ҳатто контрабанда маҳсулотига биз сотиб олаётган жараёнда ҳам эътибор беришмади. Бу ҳолатлар бугун одатий турмуш тарзига айланиб бўлди. Бу қонунбузарларга божхона йиғимлари ва солиқларни тўламасдан ўз чўнтакларини қаппайтириш имконини бермоқда. Шундай экан, бунга қарши назорат органлари томонидан қандай чоралар кўриляпти?
Мадина Турсунова: Назорат органлари номидан гапиришим қийин, мен фақат қонунчилик бўйича гапиришим мумкин. Умуман олганда, бозордаги ушбу вазиятни назорат қилувчи асосий орган – бу солиқ органлари. Чунки айнан солиқ органлари чакана савдо қоидаларини ва уларга риоя этилишини назорат қилиши керак. Шунинг учун ҳам ҳар бир бозорда уларнинг тегишли бўлимлари ишлайди. Сиз бу дўконларни алоҳида тилга олдингиз, ҳолбуки солиқ органлари ўша озиқ-овқат сотиладиган майда дўконларни ҳам назорат қилиш учун жавобгар ҳисобланади. Бугунги кунда икки хил тенденцияни кузатиш мумкин. Бир томондан, албатта, ҳозир тадбиркорларнинг фаолиятини енгиллаштириш ва бизнесни юритиш шароитларини яхшилаш учун уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кучайган. Аммо тадбиркор биринчи навбатда ўз фаолиятини қонун доирасида олиб бориши шартлигини эсдан чиқармаслик зарур. Агар тамаки ва алкоголь маҳсулотларини сотишда қонунбузарликлар кўпайса, бу, шубҳасиз, истеъмолчиларга ҳам, бюджетга ҳам таъсир қилади. Назаримда, тамаки маҳсулотларининг оддий озиқ-овқат дўконларида сотилиши унчалик тўғри эмас. Кўпгина мамлакатларда тамаки маҳсулотлари алоҳида ихтисослашган дўконларда сотилади. Уларнинг савдоси озиқ-овқат маҳсулотлари ёки бошқа зарур маҳсулотлар савдоси билан аралашиб кетмаган. Масалан ҳозир алкоголь маҳсулотлари ихтисослашган дўконларда сотилмоқда, тамаки маҳсулотларига ҳам худди шундай ёндашувни қўллаш мумкин. Албатта, агар махсус дўкон бўлса, тамаки маҳсулотлари реализациясини назорат қилиш осон бўларди, бироқ ҳозир исталган дўконда уларни сотиш ҳуқуқи мавжуд бўлгани боис, уларни назорат қилиш қийинлашади. Истеъмолчилар жамоатчилик назоратини ўрнатиши ва белгиланган нормалар ва қоидалар бузилганида, назорат органларига мурожаат қилишлари мумкин.
Қонуний равишда олиб кирилган тамаки маҳсулотлари тегишли ҳужжатларга, сертификатлар, акциз маркалари ва рақамли маркировкага эга бўлиши керак. Бу маҳсулот қаердан келган, қандай сертификатлари бор, расмий ҳужжатлар борми ёки йўқми, умуман, у қалбакими – истеъмолчи қизиқиши лозим. Маҳсулот асл эканига ишонч ҳосил қилиш учун истеъмолчилар тегишли ҳужжатларни сўрашлари мумкин. Аммо мамлакатимизда бундай ҳолатлар жуда кам учрайди. Агар истеъмолчиларнинг ўзлари фаол бўлганида эди, назорат қилувчи органлар фаолияти ҳам жонланарди. Чунки мурожаатлар келиб тушганидан кейин, албатта, улар бу мурожаат устида ишлаши, қонунбузарлик ҳолатларини бартараф этиши лозим.
Рақамли маркировка жорий этилганидан сўнг, ушбу тизим бозорларни контрафакт ва контрабанда маҳсулотларидан тозалашга ёрдам бериши мумкинлиги айтилди. Лекин бу ўз-ўзидан бўлмайди, бу ерда айнан назорат органлари ишлаши ва ҳаракат қилиши керак. Чунки занжир бўйлаб, агар ушбу тамаки маҳсулоти Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлса, у ишлаб чиқарувчи томонидан акциз маркаси ва рақамли маркировка билан белгиланиши керак. Кейинчалик бозорга етиб боргач, сотувга чиқарилади, бозорда туради ва маълумотлар базасига жойлаштирилади. Ушбу тамаки маҳсулотини сотаётганда рақамли маркировка сотувчи томонидан сканердан ўтказилиши керак. Бу истеъмолчига сотилганини ва энди у сотувда йўқлигини билдиради. Ҳозирда ушбу фаолият устидан назорат суст бўлиб, бу қоидага риоя қилинмаяпти. Шу йилнинг март ойидан бошлаб, қонунчилигимизга мувофиқ, маъмурий кодексимизда рақамли маркировкага эга бўлмаган маҳсулотларни сотганлик учун жавобгарлик белгиланди. Солиқ кодексига алоҳида модда ҳам киритилган. Бироқ ҳозирча бу ўзгаришлар амалда ишлаётгани ёки йўқлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасман.
Бобур Каримов: Жавобларингиз учун раҳмат. Савдо пештахталарида акциз маркаси бўлмаган сигаретлар савдоси ҳақида юқорида фикрларингизни айтиб ўтдингиз. Юқорида баён этилганлардан Ўзбекистонда уюшган тамаки маҳсулотлари контрабандаси борлиги ҳақидаги тахминларимиз ҳақиқатга ўхшаяпти.
Мадина Турсунова: Бўлиши мумкин, умуман олганда, божхона расмийлаштирувидан ўтмаган тамаки маҳсулотларини олиб кириш жиноий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва бундай ҳолатлар божхона органлари томонидан назорат қилиниши керак.
Контрабанда билан кўпинча хусусий шахслар шуғулланади. Ноқонуний олиб кириш – бу, албатта, мураккаб муаммодир. Уни назорат қилиш, ундан халос бўлиш қийин жараёндай туюлади. Муайян маънода бу экспертизани талаб қилади. Масалан, жисмоний шахслар ўз истеъмоли учун 10 та кичик пачкада тамаки маҳсулотини олиб кириши мумкин. Масалан, Ўзбекистонга бошқа давлатдан кираётган бўлсангиз, сизда 1 дан ортиқ катта қути бўлса, бу товарлар мамлакатга олиб кирилиши учун божхона “тозалаши”дан ўтиши керак. Бу божхона “тозалаши” процедурасини, акциз маркаларини олишни, рақамли маркировкаларни қўйиш тартибини ўз ичига олади. Албатта, контрабанда тамаки ва алкоголь маҳсулотлари талайгина. Нега бундай жиноятларга қарши курашиш бўйича маълумотлар камлиги менга қизиқ. Бу, албатта, жамиятни қизиқтиради. Бозорларимизда бўлган ҳар бир киши камида битта контрафакт ёки контрабанда маҳсулотни кўрган. Ҳозирги вақтда бу, албатта, тан олиниши керак бўлган муаммодир. Энди асосий савол – бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкин? Чакана савдо қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик олиб ташланса, ҳуқуқбузарликларга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми йўқолади. Менимча, қонунчиликда контрафакт маҳсулотларни айнан олиб кириш, сотиш ва импорт қилиш учун жавобгарликни белгилаш вақти келди. Мен контрафакт деганда, нафақат бировнинг товар белгиси остида олиб кирилаётган, балки ҳар қандай ноқонуний йўллар билан олиб кирилаётган маҳсулотларни ҳам назарда тутяпман. Бозорлар ва чакана савдо шохобчаларидаги мавжуд вазият бундай қилмишлар учун халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгилаш зарурлигини кўрсатмоқда.
Бобур Каримов: Ўзбекистонда қонунчилигимизга кўра, мажбурий маркировка қоидалари бузилганлиги ҳақида хабар берган шахсларга пул мукофоти тўлаш таклиф этилмоқда. Президент қарорига кўра, бундай ҳолатлар ҳақида хабар берган шахслар қонунбузарлар тўлаган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофотланади. Агар шундай амалиёт ҳақиқатдан ҳам амалга оширилса, ҳуқуқшунос сифатида бунга нима дердингиз? Ўзбекистон бозорларида контрабанда ва контрафакт маҳсулотлар сотилишини қисқартиришга эриша оламизми?
Мадина Турсунова: Буни баҳолаш ёки башорат қилиш жуда қийин. Аслида мен шахсан бундай ташаббусларга қаршиман. Чунки, назаримда, қандайдир моддий манфаатни кўзлаб одамларни қонунга бўйсунишга чақириш нотўғри. Умуман олганда, қонун устуворлигини таъминламоқчи бўлсак, Ўзбекистонда қонун-қоидаларга риоя қилиш ҳеч қандай моддий рағбатларсиз одатий ҳолга айланиши керак. Бироқ, бундай чоралар, албатта, бўлиши ҳам мумкин. Лекин истеъмолчиларнинг фаол бўлиши ёки бўлмаслиги, уларнинг ўзларига боғлиқ, бу ерда биз, биринчи навбатда, истеъмолчилар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини билишига кўмаклашишимиз зарур. Шунингдек, тушунтириш ишларини олиб бориш, тадбиркорларнинг юридик жавобгарлиги ҳақида огоҳлантириш керак. Жавобгарлик муқаррар бўлишини аниқ тушуниш лозим. Қонун устуворлигини бошқача усуллар билан таъминлаш жуда қийин.
Бобур Каримов: Ноқонуний олиб кирилган сигареталар қалбаки акциз маркаси остида ишлаб чиқарилган бўлса, фуқаро уларни қандай фарқлаши мумкин, ҳуқуқбузарларни ким назорат қилади ва жавобгарликка тортади?
Мадина Турсунова: Юқорида айтганимдек, асл тамаки ва алкоголь маҳсулотлари иккита белгига эга бўлиши керак. Бу акциз маркаси, акциз маркаларининг тури очиқ фойдаланувда бўлиб, уни топиш мумкин. Уларнинг дизайни ва ташқи кўриниши вақт ўтиши билан яхшиланиши ва ўзгариши мумкин. Яна бир белги – бу амалиётган QR-код сифатида кириб келган рақамли маркировка.
Рақамли маркировкани текшириш учун «Оригинал маркировка» деб номланувчи мобил илова мавжуд. Ушбу мобил иловани юклаб олиб, рақамли маркировкани сканерлаганингизда, илова сизга маҳсулот ҳақидаги тегишли маълумотларини кўрсатади – бу асл маҳсулотми, қонуний ишлаб чиқарилганми ёки қонуний импорт қилинганми. Ишлаб чиқарувчиси ким, уни ким олиб кирган, қайси куни сертификатланган ва ҳоказолар. Маҳсулотга тегишли меъёрий ҳужжатларнинг нусхалари ҳам маълумотларга киритилган. Агар сканерлаш пайтида маҳсулотдаги рақамли штамп ишламаса, унинг сохта маҳсулот эканини тезда фарқлаб олиш осон. Бу асосий белгилар ҳисобланади, асосий назорат қилувчи органлар эса – бу солиқ органлари, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш органлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органларидир.
Бобур Каримов: Бугунги кунда «Эссе ченж», «Эссе блю», «Эссе», «Милано», «Милано блю» сигареталари ва шунга ўхшаш маҳсулотлар орасида сиз акциз маркалари борларини ҳам, йўқларини ҳам кўришингиз мумкин. Акцизли маҳсулотлар нархи ва контрабанда товарларининг нархидаги фарқ – 7 000 сўмдан 10 000 сўмгача. Агар сохтаси аниқланса, Ўзбекистонда бунинг учун қандай жавобгарлик мавжуд?
Мадина Турсунова: Ҳозирда Ўзбекистонда контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва олиб кириш учун бевосита маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланмаган. Бозорда контрафакт товарларнинг айланиши ноқонуний эканлиги айтилган, холос, лекин яна такрор айтаман, ҳозир бунинг учун бевосита жавобгарлик мавжуд эмас.
Бобур Каримов: Саволларимизга патент вакили, интеллектуал мулк бўйича ҳуқуқшунос, Legalmax юридик фирмасининг мутахассиси Мадина Турсунова жавоб берди. Мадина опа, мазмунли жавобларингиз ва изоҳларингиз учун сизга миннатдорчилик билдирамиз.
Бир нарсани эслатиб ўтишни истардик, биз тамаки маҳсулотлари истеъмолини оммалаштиришга ҳаракат қилмаяпмиз, аксинча, нималарга эътибор бериш кераклиги, контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни қандай аниқлаш лозимлиги бўйича аҳолига маълумотлар бериб боряпмиз. Чунки ўқувчиларимизни қалбаки маҳсулотлар истеъмолидан асрашни истаймиз.
Бобур Каримов
Шарҳлар