Uzcard ва Россиянинг “Мир” тўлов тизимлари ўртасида меморандум имзоланди: эндиликда қандай имкониятлар яратилади?
Келишув “Мир” карталарининг Uzcard тўлов тизими инфратузилмасида қабул қилинишини кўзда тутади. Интеграция жараёни 2019 йил охиригача амалга оширилади.
Жорий йилнинг 28 март куни МДҲ иштирокчи-давлатларининг Халқаро молия-иқтисод форуми доирасида Uzcard ва “Мир” тўлов тизимларининг интеграциялашуви эълон қилинди. Тадбирда Россиянинг “Тўлов карталари миллий тизими”нинг (ТКМТ) бошқарув жамоаси, жумладан, ТКМТнинг Бош директори (“Мир” тўлов тизими оператори) Владимир Комлев иштирок этди. Тадбир давомида Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази (ЯУПМ) ва ТКМТ ўртасида “Мир” миллий тўлов тизими карталари эквайрингини ярятаиш ва Uzcard-“Мир” кобейджинг карталарини муомалага чиқариш бўйича келишув имзоланди.
Бугунги кунга келиб, “Мир” пластик карталарининг сони 55 млндан ортиғини ташкил этади ва уларга Россиянинг Тўлов карталари миллий тизими томонидан операторлик хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Ҳозирда “Мир”-Maestro, “Мир”-JCB и “Мир”-UnionPay каби йирик халқаро тўлов тизимлари билан ҳамкорликда кобейджинг карталари муомалага чиқарилган, эндиликда уларнинг сафига Uzcard банклараро тўлов тизими ҳам қўшилди.
“Бугунги кунни том маънода тарихий, деб аташ мумкин. Йил давомида мутахассисларимиз томонидан самарали ишлар амалга оширилди, жумладан, карта эгаларимизнингт Россия Федерацияси ҳудудида ўз маблағларидан фойдаланишлари учун барча имкониятимизни ишга солдик. Россиянинг «Мир» тўлов тизими Арманистон, Беларус, Қирғизистон каби мамлакатларида амал қилади. Эндиликда, қарийб 18 миллионга тенг Uzcard карта эгаларида ҳам қўшимча имкониятлар пайдо бўлади. Улар Uzcard-“Мир” кобейджинг карталарига эга бўлиб, “Мир” карталари амал қилувчи ҳудудларда уларни ишлатишлари мумкин бўлади. Айни имконият тез орада Россияда ҳам жорий этилади. Жумладан, “Мир” карталари эгалари Ўзбекистон ҳудудида ўз карталаридан фойдаланишлари мумкин бўлади. Бу жуда муҳим қадам”, дейди ЯУПМ Бош директори Аҳрор Маҳмудов.
«Мир» тўлов тизими билан ҳамкорликда кобейджинг карталарининг чиқарилиши сайёҳлар ва маҳаллий савдо ҳудудлари эгаларига муҳим қулайликларни яратади, шунингдек, кўп сонли сайёҳлар оқимини инобатга олсак, Ўзбекистондаги туристик муҳитни янада яхшилайди.
«Ўзбекистон ва Россияни азалдан иқтисодий ва сиёсий алоқалар боғлаб туради. Молиячи сифатида айтишим мумкинки, иккала Давлат фуқаролари мамлакатларимизга сафарга келганларида, ўзлари учун одатий саналган тўлов воситаларидан қийинчиликларсиз фойдаланишлари биз учун муҳим омил ҳисобланади. Бу нафақат Россиянинг “Мир” ва Ўзбекистоннинг Uzcard тизимлари келишуви доирасидагина, балки МДҲ давлатлари ўртасида узлуксиз тўлов муҳитининг ҳосил қилиниши даражасида шаклланиши демакдир. Uzcard ҳамкорлигидаги интеграция қилиш жараёни 2017 йилда бошланиб, 2018 йилда ҳам давом этди. Умид қиламанки, 2019 йилда тизимларимизни тўлиқ интеграция қилишга эришамиз. Бугун имзоланган битим халқаро ҳамкорлик йўлида муҳим қадам”, — дейди Россиянинг “Тўлов карталарининг миллий тизими” АЖ (“Мир” тўлов тизими) Бошқарув Раиси, Бош директори Комлев Владимир.
Халқаро молиявий-иқтисодий форум мутахассислар учун тажриба алмашинуви, муҳокамалар ўтказилиши, алоҳида соҳаларнинг вакиллари ҳамда молия бозорининг турли секторлари аъзолари ўртасида манфаатли учрашувлар ташкил қилишнинг ўзига хос ишбилармонлик майдончаси бўлди.
Ҳозирда Uzcard банклараро тўлов тизими Ўзбекистон банклар Ассоциацияси, Марказий Банк, Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази, Ўзбекистон Республикасининг 29 та банки ва 40 та тўлов агрегатларини бирлаштиради. Тизим ҳавфсизлиги тўлиқ махфийлик сиёсатига амал қилиниши билан мустаҳкамланади ва шартнома, шунингдек, Ўзбекистон Қонунчилиги билан кафолатланади.
2019 йилдаги ҳисоботга биноан, провайдерлик вазифасини бажарувчи Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази Ўзбекистон бўйлаб 17 миллиондан ортиқ пластик карталарга хизмат кўрсатмоқда. Uzcard карталари фойдаланувчилари 250 000 дан ортиқ терминаллар орқали товар ва хизматлар учун тўловларни амалга оширишлари мумкин. Хизматлар 1000 дан ортиқ банклар ва 3000 та инфокиосклар, мобил иловалар ва интернет сайтлари орқали кўрсатилади.
2018 йилда Марказ мутахассислари томонидан Uzcard пластик карталари ва халқаро қарталари ёрдамида амалдаги POS-терминал, инфокиосклар орқали транзакцияларни амалга ошришга имкон яратувчи «Халқаро тўлов тизими» номли дастур ишлаб чиқилди. Ушбу имконият халқаро тўлов тизимлари билан ҳамкорлик қилишга қулай шароит яратиб берди.
Шарҳлар